Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази мутасаддилари 2019/2020 ўқув йили учун олий таълим муассаларига қабул бўйича ўтказиладиган тест синовларига тайёргарлик кўриш жараёни ҳақида журналистларга маълумот берди.
Айтилишича, бу йилги тест топшириқларини шакллантириш учун умумтаълим фанлари бўйича 140 нафардан ортиқ экспертлар гуруҳи тузилган. Улар 180 мингдан ортиқ тест топшириқларини шакллантиради. Тест топшириқларининг ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларидаги бир хиллиги таъминланади.
Жорий йилда намунавий тест топшириқлари 1500 дан ортиқ абитуриент иштирокида апробациядан ўтказилди, ишончлилиги, мураккаблик даражасининг тўғри танланганлиги ўрганилди, 74 мингдан ортиқ тест топшириғи статистик таҳлил қилинди. Хато-камчиликлар тузатилди, айримларига ўзгартиришлар киритилди.
ДТМ мутахассислари бу йилги тест топшириқлари базасини шакллантиришда Туркия, Жанубий Корея, Россия, Япония каби мамлакатлар тажрибалари ўрганилганини айтди. Янгилик сифатида тест топшириқларида график, ёзувсиз карта, расмлар қўлланилаётгани қайд этилди.
Таъкидланишича, фаолиятнинг очиқлигини таъминлаш мақсадида янги ўқув йилидан бошлаб Давлат тест марказида мавжуд тест топшириқлари базасини жамоатчилик учун очиб қўйиш режалаштирилмоқда.
Бугунги кунда тест синовларини ўтказиш учун мамлакат бўйича 69 бино танланган. Уларнинг энг каттаси 1710, энг кичиги 240 ўринлидир. Бу биноларда бир кунда 2 та сменада 1 минг 277 та гуруҳда жами 38 минг 310 абитуриент тест топшириши мўлжалланган. Тест синовларининг адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида бир кунда 2 минг 554 нафар назоратчи жалб этилиши белгиланган.
– Бу йил абитуриентлардан олинган бармоқ изи орқали тест синовларига бошқаларнинг кириши каби қонун бузилишларга барҳам берилади. Натижада ўз билимига ишониб имтиҳон топшираётган ёшларнинг имконияти янада кенгаяди, – деди Давлат тест маркази бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қаҳрамон Ҳақбердиев.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда бинолар учун 1 минг 155 тадан ортиқ видеокузатув камералари, 120 дона мобиль алоқаларини тўсувчи қурилма, бармоқ изи асосида таниш воситалари тайёрланмоқда.
Муҳайё ТОШҚОРАЕВА
Манба: ЎзА