Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жиззахдаги фожиадан сўнг... Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси: “Барча аттракционлар зудлик билан давлат назоратидан ўтказилиши керак”
2019-07-01 | Жамият
Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси Бош вазир Котибиятига дам олиш масканларида бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш мақсадида ҳудудлардаги барча аттракционларни давлат назоратидан ўтказиш бўйича сўровнома юборилди. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасида шу йилнинг 28 июнь куни Жиззах шаҳар, “Наврўз” маҳалласи ҳудудидаги “Истиқлол” болалар истироҳат боғидаги ЯТТ “Маматқулов Бурхон”га тегишли бўлган “Учар ликопча” аттракционининг узилиб кетиши оқибатида ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса муҳокама қилинди.
Муҳокамада жойидан олинган ҳужжатлар ва воқеа тафсилотлари батафсил таҳлил қилинди. Таҳлил натижалари асосида дастлабки воқеага сабаб бўлган омиллар санаб ўтилди.
Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг раис в.б. Б.Гулямов ва қўмитанинг тегишли раҳбар ва мутахассислари иштирокида ўтказилган муҳокамада сўзга чиққанлар бир овоздан мазкур воқеа юзасидан қатъий чоралар кўрилиши зарурлигини айтишди.
Хусусан, дам олиш масканларида мазкур ва шунга ўхшаш бахтсиз ҳодиса ва фавқулодда вазиятларни олдини олиш мақсадида ҳудудлардаги барча аттракционларни зудлик билан давлат назоратидан ўтказилиши кераклиги таъкидланди.
Мажлис якунида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисига, шунингдек, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Котибиятига дам олиш масканларида бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш мақсадида ҳудудлардаги барча аттракционларни давлат назоратидан ўтказиш бўйича сўровнома юборилди. Унда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар, Маданият, Ички ишлар вазирликлари ва “Ўзэнергоназорат” инспекцияси ваколатли вакиллардан иборат ишчи гуруҳлар тузиш ҳамда аттракционларни назоратдан ўтказиш бўйича тегишли фармойиш чиқариш назарда тутилган.
Воқеа жойида махсус комиссия томонидан текшириш ишлари бошланди.
Манба: «Халқ сўзи»