Афғонистон Ислом Республикасининг Мозори-Шариф шаҳрида “Made in Uzbekistan” миллий маҳсулотлар кўргазмаси иш бошлади.
Мазкур кўргазма доирасида Ўзбекистон – Афғонистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Форумни ўтказишдан кўзланган мақсад - икки мамлакатнинг савдо иқтисодий муносабатлари ҳамда экспорт салоҳиятини ривожлантиришдир.
Автомобилсозлик, фармацевтика, транспорт ва логистика, тўқимачилик, озиқ-овқат ва мева-сабзавот маҳсулотларининг савдосини ривожлантириш истиқболлари бўйича тақдимотлар ўтказилди. Термиз шаҳрида ташкил этиладиган “Ўзбекистон – Афғонистон” чегараолди савдо ҳудуди бўйича тайёрланган видеолавҳа ҳам намойиш этилди.
Кўргазманинг 10 дан зиёд бўлимида миллий маҳсулотларимиз намойиш этилмоқда. Кимё ва қазилма хомашёларни қазиб олиш, нефть-газ, электр техника, иқтисодиётнинг аграр сектори ва озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари, тўқимачилик саноати, чарм-пойабзал, фармацевтика, халқ-амалий санъати, тиббиёт ва таълим, транспорт хизматлари бўлимлари шулар жумласидан.
Автомобилсозлик ва машинасозлик тармоғи бўлимида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган “Равон“, Спарк, Нексия, Кобалт, Дамас енгил автомашиналари, “СамАвто” қўшма корхонасининг 30 ва 40 ўринга мўлжалланган автобуслари, пахта тозалаш ускуналари, тракторлар, универсал чопиқ ускуналари, пахта териш комбайнлари, турли русумдаги тракторлар намойиш этилмоқда.
Мазкур кўргазма Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини намойиш этиш баробарида мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг янада мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этади.
Манба: ЎзА