Наманган шаҳрида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди
2019 йил 1 июль куни Наманган шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов ва Наманган вилояти Ҳокими Хайрулла Бозоровнинг раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, вилоятлар туманлари ҳокимликлари, қатор вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда лойиҳарнинг маҳаллий ҳамкорлари иштирок этдилар.
Мақсад - Наманган вилоятида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни тезлаштириш, илғор ва инновацион технологияларни жалб қилиш, маҳаллий товарларни ташқи бозорга экспорт қилиш ва чет эллик туристлар оқимини кўпайтириш, минтақа олий таълим муассасалари ва хорижий университетлар ўртасида шериклик алоқаларини йўлга қўйиш.
Видеоконференцияда Ўзбекистоннинг хориждаги 23 та давлат, жумладан, Корея Республикаси, Туркия, Хитой, Россия, Цингапур, Франция, Ҳиндистон, Италия БАА, Австрия, Германия, Буюк Британия, Эрон, Миср, Озарбайжон, Покистон, Ўмон, Кувайт, Бельгия, Полша, Тайланд, Қирғизистон, Украинадаги дипломатик миссиялари раҳбарлари иштирок этдилар.
Видеоселектор чоғида умумий қиймати 1,3 миллиард АҚШ доллари бўлган 100 дан ортиқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ўзлаштириш бўйича давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаси етказилди. Ушбу лойиҳалар Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи (2019 йил 28 февраль – 1 март) ва «Доинг бусинесс wитҳ Наманган» Халқаро инвестиция форуми (2019 йил 7-8 июнь, Наманган) якунларига кўра элчихоналар иштирокида ишлаб чиқилган. Наманган форуми натижасида умумий қиймати 350 миллион АҚШ долларига тенг 48 та инвестиция битимлари ва экспорт шартномалари имзоланган эди.
Хусусан, ҳар бир лойиҳа «ТИВ – Элчихона – Наманган вилояти ҳокимлиги – вилоятнинг тегишли идораси» шаклида танқидий таҳлил қилинди. Йиғилиш давомида лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширишга тўсқинлик қилувчи қатор масалалар амалий жиҳатдан ҳал қилинди.
Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг жорий масалаларини ҳал қилиш мақсадида вилоятга бириктирилган элчихоналар томонидан Наманган вилояти туманлари ҳокимликлари раҳбарлари билан тўғридан-тўғри ишчи алоқа ўрнатилди.
Шунингдек, элчихоналар, Наманган вилояти ҳокимлиги ва вазирликлар вакиллари таркибида соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида инвестиция лойиҳаларини ўзлаштиришни жадаллаштириш мақсадида ишчи гуруҳ ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги