2019 йилнинг 1 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Польша Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Марчин Пжидач билан учрашди.
Учрашув кун тартибидан сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари ўрин олди.
Икки томонининг ҳам конструктив мулоқотга, ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга содиқлиги тасдиқланди.
Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги ҳамкорликнинг муайян жабҳалари муҳокама қилиниб, жумладан ўзаро савдо ҳажмларини ошириш ва иқтисодиётнинг турли тармоқларида томонларни қизиқтирган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлиги эътироф этилди. Шу нуқтайи назардан Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ишига мунтазамлик бериш ва йилнинг иккинчи ярмида Варшава шаҳрида унинг 7-йиғилишини ўтказиш борасидаги таклифлар қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, 2018 йил центабр ойида Тошкент шаҳрида мамлакатимиз иқтисодиётига инвестиция ва технологияларни жалб қилишга хизмат қилувчи Польша Инвестиция ва савдо агентлиги ваколатхонасининг очилгани ҳам маъқулланди.
Учрашувда туризмни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътирбор қаратилди. Польша томони ушбу мамлакат фуқароларига 2019 йил 1 февралдан бошлаб 30 кун муддатга визасиз режим жорий қилинганлиги учун миннатдорчилик изҳор этди. Бу қарорнинг Польшадан Ўзбекистонга келадиган туристлар оқимининг жадаллашувига хизмат қилиши қайд этилди. Ҳозирда Тошкент ва Варшава ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи ўрганиб чиқилмоқда.
Суҳбатда маданий-гуманитар ва илмий-таълим соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Музокараларда Польша Элчиси Пётр Ивашкевич иштирок этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги