“Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти тизимидаги “Тошкет қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” акциядорлик жамиятида янги маҳсулот – “TTZ-812” русумидаги тракторларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Илгарилари корхонада 7 турдаги тракторлар ишлаб чиқарилган бўлса, эндиликда уларнинг сони 10 тага етди.
Корхона конвейерларидан чиқаётган “TTZ 100 HC”, “TTZ-811”, “NEW HOLLAND”, “Беларусь” сингари тракторлар, 2 турдаги пахта териш машинаcи, шунингдек, юк ташишга ихтисослашган тиркамалар бугун нафақат мамлакатимизда, балки узоқ хорижда ҳам маълум ва машҳур. 2018 йилда корхонада 3 минг 817 та турли русумдаги трактор, 128 та пахта териш машинаси, 427 та тиркама ишлаб чиқарилган. Тайёр маҳсулот эса мамлакатимиздаги деҳқон ва фермер хўжаликларига етказиб берилган.
– Жорий йилнинг ўтган даврида корхонамизда 144 миллиард сўмдан зиёд қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарилди, – дейди “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” акциядорлик жамияти бош директорининг ўринбосари Шавкат Байметов. – Бундан ташқари, маҳсулотларимиз турлари қаторига янги русумдаги “TTZ-812” трактори ҳам қўшилди. Шунингдек, АҚШнинг CNHI (Case “NEW HOLLAND”) компанияси билан ҳамкорликда горизонтал шпинделли пахта териш машиналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Яратилган имкониятлар туфайли тизимда йил сайин ўзгаришлар, янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.
А.Мусаев
Манба: ЎзА