Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

ЮНEСКО Бутунжаҳон мероси қўмитаси 43-сессиясида Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда

2019-07-01 | Туризм

Баку шаҳрида ЮНEСКО Бутунжаҳон мероси қўмитаси 43-сессиясининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Озарбойжоннинг биринчи вице-президенти, ЮНEСКО кўнгилли элчиси Меҳрибон Алиева иштирок этди.

Шунингдек, ЮНEСКО бош директори Одре Азуле, Ташкилотнинг Ижро кенгаши раиси Ли Бен Хён ва Озарбойжон Республикаси маданият вазири Абулфас Гараевлар ҳам сўзга чиқишди.

Бутунжаҳон мероси қўмитаси 43-сессиясида Ўзбекистондан ЮНEСКО ишлари бўйича Миллий комиссия раиси, бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги делегация иштирок этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 43-сессиясида дунёнинг 180 дан ортиқ мамлакатидан 2500 дан зиёд киши - вазирлар, ЮНEСКО элчилари, тегишли ташкилотларнинг бош директорлари, халқаро тузилмаларнинг Озарбойжондаги элчилари ва мамлакат ҳукумати аъзолари қатнашмоқда.

Қўмитанинг Бакудаги сессиясида ЮНEСКО рўйхатига киритиш учун 42 аризадан 36 тақдимот кўриб чиқилади. Булардан 6 таклиф - табиий меросга, 28 таси - маданий меросга ва 2 таси аралаш (табиий ва маданий) меросга тааллуқли.

Икки кунлик сессия доирасида Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси вакиллари ЮНEСКО бош директори Одре Озуле, Озарбойжон бош вазир ўринбосари Д.Аҳмедов, маданият вазири А.Гараев, таълим вазири Д.Байрамов, Туризмни ривожлантириш давлат агентлиги раиси Ф.Нагиев, ЮНEСКО Бутунжаҳон мероси маркази директори М.Рёсслер ҳамда Бутунжаҳон мероси қўмитасига аъзо 21 мамлакат делегациялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва ЮНEСКО ўртасида кўп босқичли ва самарали ҳамкорлик амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган йилнинг октябрида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ЮНEСКО штаб-квартирасига ташрифи давомида имзоланган «Мамлакатлар дастури» доирасида маданият, таълим, илм-фан ва АКТ ривожи каби йўналишларга оид муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Томонлар ўртасида Ўзбекистоннинг моддий ва номоддий маданий меросини асраш масалалари бўйича йўлга қўйилган конструктив мулоқотни алоҳида таъкидлаш жоиз, бу республика томонидан ратификация қилинган барча нормалар ҳамда ЮНEСКОнинг ушбу йўналишдаги тавсияларини тўлиқ таъминлаш имконини беради.

Бундан ташқари, Азиз Абдуҳакимов «Ипак йўли» Халқаро туризм университети ректори сифатида Озарбойжон туризм ва менежмент университети билан таълим ва илм-фан бўйича Англашув меморандумини имзолаши кутилмоқда.

Жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон томоннинг таклифи билан ИКОМОС таркибидаги юқори реактив мониторинг миссияси Шаҳрисабз, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлди ва 2016 йил охиридан бошлаб Ўзбекистон ҳукумати томонидан қабул қилинган ижобий чораларни расман қайд этди.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Президентининг (2018 йил 19 декабрдаги) «Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори, (2018 йил 16 январдаги)  «Моддий маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва фойдаланишни такомиллаштириш тўғрисида»ги  топшириғи, ҳукуматнинг «Ўзбекистон Республикаси ЮНEСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларини муҳофазалаш» ҳамда «Ўзбекистон Республикаси ЮНEСКО ишлари бўйича Миллий комиссия фаолиятини такомиллаштириш»га доир қарорлари (09.06.2018) қабул қилинди. Ўзбекистон Республика Маданият вазирлигида ЮНEСКО ишлари бўйича махсус бўлим очилди.

Бугунга келиб мамлакатда жойлашган бутунжаҳон мероси объектларида барча турдаги қурилиш ишлари мораторийси амал қилмоқда. Республика парламентига бутунжаҳон мероси объектларида носанкцион олиб бориладиган ишлар учун жиноий жавобгарликни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси киритилди.

Қўмитанинг Бакуда ўтаётган серссияси давомида Ўзбекистон делегациясининг Шаҳрисабз, Самарқанд ва Бухородаги маданий меросни сақлаш билан боғлиқ ҳисоботлари кўриб чиқилади. Муҳокамалар якуни бўйича Қўмитанинг жаҳон мероси объектларини сақлашга доир тегишли қарор ва тавсиялари қабул қилинади.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон ҳукумати қадимий  шаҳарларидаги маданий меросни сақлаш масалаларида нуфузли халқаро экспертлар билан иш олиб бормоқда. Хусусан, Франциянинг машҳур Шаҳарни режалаштириш институти мутахассислари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, улар Самарқанд шаҳрининг бош лойиҳаси ва менежмент режасини ишлаб чиқишда кўмак беришмоқда. Ҳужжатлар ЮНEСКО халқаро стандартлари ва талабларига тўлиқ мувофиқ келади.

Шаҳрисабзда IKOMOS халқаро экспертлари билан ҳамкорликда жаҳон мероси чегараларини ўлчаш ҳамда шаҳар қиёфасини унинг халқаро мақомига мувофиқ  ўзгартиришга доир аниқ режалар ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон улкан ва ноёб маданий меросга эга бўлиб, бу уларни консервациялаш, асраш ва реставрация қилишга оид кундалик машаққатли меҳнатни талаб қилади. Шу муносабат билан жорий йилнинг августида Самарқандда ЮНEСКО шафелиги остида моддий ва номоддий меросни асрашга доир халқаро конференция ўтказиш режалаштирилган. Унда ЮНEСКО бош директори Одри Озуле ва 45 мамлакатнинг шу соҳада фаолият юритувчи 200 дан зиёд олим, эксперт ва мутахассислари иштироки кутилмоқда. Мазкур конференция маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш йўлидаги долзарб муаммоларни кўриб чиқиш, халқаро тажрибани ўрганиш, тарихий-маданий меросни сақлашни таъминлаш бўйича миллий тизимни такомиллаштириш, бу йўналишдаги давлат ва жамоатчилик ташкилотлари фаолиятининг асосий векторларини аниқлаш имконини беради.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Поделиться