Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мудофаа вазирлиги жамоаси “РЕМБАТ – 2019” халқаро танловида қатнашишга тайёргарлик кўрмоқда
2019-07-01 | Жамият
Халқаро армия ўйинларига киритилган “РЕМБАТ” – “Энг илғор таъмирлаш ва эвакуация баталъони” кўрик-танловига Мудофаа вазирлиги жамоаси ҳам қизғин тайёргарлик кўрмоқда.
Мусобақа шу йилнинг 3-17 август кунлари Россия Федерациясининг Омск шаҳрида бўлиб ўтади. Эътиборли жиҳати шундаки, “Энг илғор таъмирлаш ва эвакуация баталъони” кўрик-танлови ташкил топганига 3 йил бўлган бўлса, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси мазкур баҳсда иштирок этишга илк бор киришмоқда.
Ҳозирда Чирчиқ полигонида капитан Ҳусан Муҳаммадиев бошчилигидаги жамоа уч босқичли машғулотларни бажаришга киришган.
– Олдимизда турган вазифа жудаям масъулиятли ва буни мусобақада қатнашадиган шахсий таркибнинг ҳар бир аъзоси ич-ичидан ҳис этиб турибди. Энг муҳими, йигитларнинг ўзларига бўлган ишончи мустаҳкам. Тинимсиз олиб борилаётган машғулотлар эса бизни ғалаба сари тоборо яқинлаштириб бораверади. Насиб қилса, юртимизга ғалаба билан қайтиб келамиз”, – дейди подполковник Исмоил Наврўзов.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги