Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси инвестиция ва саноат сиёсати стратегияси жамоатчилик ва экспертлар диққат марказида
2019-06-28 | Сиёсат
2019 йил 28 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг 2025 йилгача мўлжалланган инвестиция ва саноат сиёсати стратегияси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Сенати, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистондаги БМТТД ваколатхонаси тадбир ташкилотчилари бўлди.
Тадбирда Сенат аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, халқаро ташкилотлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳокимларнинг инвестициялар масалалари бўйича ўринбосарлари, мамлакатимиз ва хорижий консалтинг компаниялари, илмий-тадқиқот муассасалари, бизнес-ҳамжамият экспертлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбати ишлаб чиқилаётган Стратегия мақсадлари ва вазифаларини, Ўзбекистон Республикаси амалга оширилаётган инвестиция ва саноат сиёсатининг асосий устуворликларини кенг жамоатчиликка етказиш, шунингдек фикр алмашиш ва тегишли тавсиялар ишлаб чиқиш учун ташкил этилди.
Сўзга чиққанлар ҳозирги вақтда жаҳон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари жиддий пасайишига дуч келганини қайд этди. Бундай шароитларда Ўзбекистон миллий иқтисодиётга катта миқдорда инвестициялар киритилишига кўмаклашадиган чуқур таркибий ислоҳотлар ўтказишга интилмоқда. Ахир иқтисодий янгиланиш ва ўсиш жараёнлари инвестициялар ҳажмлари ва таркиби, уларни амалга ошириш сифати ва муддатлари билан белгиланмоқда. Ўзбекистон Республикасининг 2025 йилгача мўлжалланган инвестиция ва саноат сиёсати айнан мамлакатда инвестиция фаолиятини кучайтиришга, тегишли муҳитни яхшилашга қаратилган. Ҳужжат халқаро тажрибани, инвестиция жараёнларини ривожлантириш тенденциялари ва муаммоларини, республика иқтисодиётини, унинг тармоқлари ва ҳудудларини таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган.
Стратегиянинг асосий вазифалари қуйидаги учта йўналиш бўйича аниқлаб олинган: инвестиция муҳитини яхшилаш, инвестицияларнинг ички манбаларини фаоллаштириш ва инвестиция ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, самарали операцион чора-тадбирларни амалга ошириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг янги ёндашувларини ишлаб чиқиш.
Ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини ошириш ва маҳсулотнинг жаҳон стандартларига мувофиқлигини таъминлаш саноатни ривожлантиришнинг муҳим устувор йўналиши ҳисобланади. Ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш, тармоқларнинг инновацион салоҳиятини ошириш, саноат учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ҳам асосий вазифалар орасида қайд этилди.
Мамлакатни ривожлантириш мақсадлари, вазифалари ва устуворликларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепциясига мувофиқ Стратегиянинг мақсадлари ва вазифалари, ўрта муддатли даврда инвестиция киритишнинг устувор йўналишлари шакллантирилди.
Ислоҳотларни ахборот билан қўллаб-қувватлаш, халқаро миқёсда Ўзбекистон имижини илгари суриш, мамлакатда инвестициялар жалб қилиш учун шарт-шароитлар шаффофлиги даражасини ошириш ва қулай муҳит яратиш, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, савдо логистикасини яхшилаш ва хорижий инвесторлар ҳамда маҳаллий компаниялар ўртасида ишлаб чиқариш-сотиш алоқаларини ривожлантириш, қулай инвестиция муҳитини ва ишбилармонлик муҳитини яратиш учун маҳаллий ҳокимият органлари ролини ошириш шулар жумласидандир.
Бунда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини муваффақиятли амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратишга, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш, саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича тадбирларни амалга ошириш учун молиялаштириш манбалари ва механизмларини аниқлашга урғу берилди.
Сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикасининг ўрта муддатга мўлжалланган инвестиция ва саноат сиёсати стратегияси хусусий бизнесни ривожлантириш учун инвестиция муҳити ва шарт-шароитларни яхшилашга эришиш имконини беришини таъкидлашди, бу эса ўз навбатида тўғридан-тўғри ва бошқа хорижий инвестициялар оқими ошишига, қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш ҳисобига аҳолини жараёнларига жалб қилишни оширишга олиб келади.
Бунда бюджет ва бошқа давлат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ўсиши, корхоналарнинг ўз маблағлари ва жалб қилган маблағлари ҳисобига молиявий ҳолати яхшиланиши ва инвестиция фаоллиги кенгайиши иқтисодиётнинг реал секторига кредит ажратиш самарадорлиги ошиши билан бирга юз беради.
Тўғридан-тўғри инвестициялар, шу жумладан давлат-хусусий шериклик, давлат инвестициялари ва корпоратив қимматли қоғозлар билан киритиладиган инвестициялар 2025 йилгача инвестицияларнинг асосий манбалари бўлади. Амалга оширилаётган ва истиқболдаги янги инвестиция лойиҳалари доирасида 2019-2025 йилларда 80 млрд. АҚШ долларидан ортиқ миқдорда номарказлаштирилган инвестицияларни ўзлаштириш кўзда тутилмоқда. Бунда уларнинг қарийб 30 фоизи корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.
Юқорида қайд этилган чора-тадбирлар кўрилиши натижасида ЯИМнинг асосий капиталига инвестициялар улуши 2018 йлдаги 22 фоиздан 2025 йилда 28-30 фоизга ошиши кутилмоқда. Бунда 2025 йилда жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 2018 йилдаги 1,8 млрд. АҚШ долларига нисбатан 6,7 млрд. АҚШ долларини ташкил этади.
Муҳокама чоғида Ўзбекистонга хорижий капитални жалб қилиш соҳасидаги муҳим муаммолар ва уларни ҳал қилиш бўйича ишлаб чиқилаётган чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Бизнес-ҳамжамият ва консалтинг компаниялари вакиллари муҳокама этилаётган масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарларини билдирди.
Тадбир якуни бўйича мамлакат ҳудудлари иқтисодиётига инвестицияларни жалб қилишнинг ҳуқуқий асослари ва механизмларини, усулларини такомиллаштиришга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати