20-27 июнь кунлари пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида шахмат бўйича 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган мактаб ўқувчилари ўртасида XV Осиё чемпионати бўлиб ўтди.
Халқаро шахмат федерацияси(FIDE)нинг расмий турнири саналадиган ушбу мусобақа Осиё шахмат федерацияси ҳамда Ўзбекистон ҳукумати кўмагида ташкил этилди. Мусобақада қитъамизнинг 23 мамлакатидан келган қарийб 300 нафар ёш ақл-идрок соҳиби ғолиблик учун дона сурди. Мактаб ўқувчилари ўртасидаги қитъа биринчилиги 7, 9, 11, 13, 15 ва 17 ёшгача бўлган жами 6 ёш тоифасида ўтказилиб, 12 нафар чемпиондан нақд 8(!)тасини ҳамюртларимиз ташкил қилди.
7 ёшгача бўлган қизлар ўртасида бангладешлик Варсия Хусбу 9 имкониятдан 7,5 очко жамғарган ҳолда олтин медалга сазовор бўлди. 9 ёшгача бўлган шахматчилар орасида эса ўғил болалар ва қизлар ўртасида ҳам чемпионликни меҳмонлар илиб кетишди. Ўғил болалар орасида эронлик Амир Жалолванд 7,5 очко билан ғолиб чиқди. Қизлар ўртасида кечган беллашувларда эса қўшни Қозоғистон вакиласи Элназ Калиахмет юз фоизлик натижа билан ўзига хос сенсация қайд этди.
Ўзбекистондан четга кетган яна бир олтин медални туркманистонлик Азат Нурмамедов қўлга киритди. 17 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасидаги баҳсларда иштирок этган ушбу ёш шахматчи 9 имкониятдан 7 очко жамғарди ва ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.
Қолган барча олтин медалларни ўзбекистонлик ёш ақл-идрок соҳиблари қўлга киритди. Жумладан, ўғил болалар орасида ўз ёш тоифаларида Акбар Аллаберганов (7 ёш), Мираброр Мирпўлатов (11 ёш), Муҳиддин Мадаминов (13 ёш), Самандар Шермуҳамедов (15 ёш), қизлар ўртасида эса Афруза Ҳамдамова (11 ёш), Умида Омонова (13 ёш), Юлия Хегай (15 ёш) ҳамда Озода Ҳусаинова (17 ёш) шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Мазкур натижа билан Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари умумжамоа ҳисобида 1-ўринни қўлга киритди.
О.ЭШМАМАТОВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА