Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Меҳнат вазирлигидаги битирувчилар учун стажировка маркази ўз ишини бошлади
2019-06-27 | Таълим
25 июнь Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев Вазирлик томонидан ташкиллаштирилган стажировка дастури иштирокчилари билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида вазир стажёрларни саралаш босқичидан муваффақиятли ўтганликлари билан табриклади. Танлов битта ўринга 34 кишини ташкил этди.
“Вазирлик томонидан ўтказилаётган мазкур стажировка дастури – бу ёшларнинг соҳа бўйича юксалишлари учун ажойиб имкониятдир. Бироқ юқори натижаларга эришиш учун жон куйдиришга ва ўзига, ўз кучига ишонишга тўғри келади”, – дея таъкидлади Шерзод Кудбиев.
Очиқ саралаш босқичига ариза топширган 826 нафар номзоддан 24 нафари ушбу босқичдан ўтишга муваффақ бўлди. Улар орасида юртимиз олий таълим муассасалари қатори хорижий ОТМ битирувчилари ҳам бор.
Стажировка дастури иштирокчилари қуйидаги йўналишлар бўйича иш олиб бормоқда:
1) меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш, бунда иштирокчилар Наманган вилоятидаги олдиндан касбга ва тилга кўниктириш марказларини яратиш ишларига жалб этилган;
2) БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликдаги “Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш” менджмент лойиҳаси;
3) Ўзбекистоннинг “WorldSkills International” уюшмасига аъзо бўлиши ва миллий “WorldSkills Uzbekistan” уюшмасини ташкил этиш;
4) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари давлат хизматларини қайта кўриб чиқиш;
5) Давлат меҳнат инспекцияси бизнес жараёнларини фаоллаштириш.
Учрашув давомида дастур иштирокчилари йўналишлар бўйича ўзлари ишлаётган лойиҳалар тақдимотини ўтказиб, вазирлик раҳбарияти ва мутасадди вакиллардан тегишли тавсиялар олишди.
Стажировка дастури иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни давлат хизматларига жалб этиш, профессионал фаолиятга тайёрлаш, шунингдек, соҳа бўйича келгусида юксалишлари учун кўмаклашишга қаратилган. Таъкидлаш жоизки, ёш мутахассислар учун мўлжалланган мазкур дастурда ҳақ тўланиб, дастур уч ой давом этади. Стажировка якуни бўйича айрим иштирокчилар Вазирлик марказий аппарати, шунингдек, тасарруфий ташкилотларга ишга таклиф қилинади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги