Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Кумушкон» туризм қишлоғида ободончилик ишлари бошлаб юборилди
2019-06-27 | Жамият
Тошкент вилояти Паркент туманидаги «Кумушкон» маҳалла фуқаролар йиғинида Ўзбекистондаги биринчи Туризм қишлоғини ташкил этиш лойиҳасига старт берилгани ҳақида хабар берилган эди.
Туризмни ривожлантиришда қулай ифратузилма билан бир қаторда дам олиш масканларининг тоза ва озода бўлиши ҳам ҳар қандай сайёҳ эътибори остидаги муҳим жиҳат эканини ҳисобга олган мутасаддилар ишни «Кумушкон» ҳудудини ободонлаштиришдан бошлашди.
Ўтган ҳафта якунида мазкур ҳудуд ва унга олиб бориб борувчи йўллар атрофи тозаланди. Экоҳашар тадбири доирасида жами 2184 кв метр ҳудудда тозалаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
1700 нафардан ортиқ юртдошимиз иштирок этган ҳашарда барча бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатликда меҳнат қилди. Экоҳашарда асосан Паркент шаҳридан Кумушкон қишлоғига олиб борувчи йўл чеккалари ва қишлоқдаги дам олиш масканлари ҳудудларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Тошкент вилояти Туризм департаменти мутасаддилари билан биргаликда автойўл корхонаси, коммунал, ижтимоий, иқтисодий соҳалар ҳамда фермер хўжаликлари вакиллари ҳам иштирок этишди.
Табиат қўйнига маданий ҳордиқ олиш учун борган кишилар ўзларидан кейин атрофда чиқиндилар қолдирмаслиги ва энг муҳими, она табиатга зарар етказмаслиги ҳамда ҳудуд флора ва фаунасига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш зарурлигини яна бир бор ёдимизга солувчи бу каби тадбирларни мунтазам равишда ўтказишга келишиб олинди.
Таъкидлаш жоизки, Туризм қишлоғи лойиҳасига кўра, мазкур ҳудудда 50 меҳмон уйи, 20 хонадон негизида этноқишлоқ, 20 хонадонни ўз ичига олувчи миллий таомлар қишлоғи, 15 хонадонни қамраб олган ҳунармандлар қишлоғи, 10 хонадон жалб қилинган ҳолда, санъаткорлар қишлоғи ва 20 хонадонда агротуризм қишлоғини яратиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, бу ерда замонавий меҳмонхона, халқ кутубхонаси, ёшлар ижодиёт маркази, халқ ўйинлари ва спорт намойишлари майдончаси, ўтовлар шаҳарчаси, сайёҳлар учун тиббий хизмат кўрсатиш шохобчаси, сунъий шаршаралар ҳамда 7 мавсумий дам олиш маскани ташкил қилинади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги