Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Озиқ-овқат хавфсизлиги, ер ва сувдан самарали фойдаланиш ва бошқа йўналишлардаги Ўзбекистон ташаббуслари юқори баҳоланди
2019-06-26 | Иқтисодиёт
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) конференциясида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев нутқ сўзлади.
Вазир дастлаб бутун дунё эътиборини тортаётган муаммо - озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
Албатта, бу масалани ҳал этишда ҳар бир давлатнинг ўзига хос ўрни борлиги, Ўзбекистон бу борада қўшни давлатлар билан яқин ҳамкорликни ўрнатиш орқали Марказий Осиё минтақасида савдо-сотиқ тартибларини соддалаштириш борасидаги кўплаб муаммоларни ечишга муваффақ бўлаётгани сезиларли натижаларни бераётганлиги айтилди.
Вазирлик матбуот хизматининг хабар қилишича, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган мамлакатимизнинг беш йиллик тараққиёт стратегиясидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида янгича институционал ислоҳотлар олиб борилаётгани нуфузли анжуман иштирокчилари томонидан юқори баҳоланган.
Бугун ҳеч биримизни бефарқ қолдирмайдиган яна бир муаммо бор. Жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган – Орол фожиасини бартараф этишга қаратилган ҳаракатларни бирлаштириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир.
Вазир денгизнинг сув чекинган ҳудудларини ўрмонзорга айлантириш чоралари кўрилаётганига тўхталар экан, бу борада БМТ шафелигида Ўзбекистоннинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик траст фонди ташкил этилгани, кўплаб давлатлар бу жамғарма фаолиятини қўллаб-қувватлаётгани янги имкониятларни юзага чиқараётганини мамнуният билан алоҳида тилга олган.
Қайд этилганидек, яқинда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш борасида аниқ вазифалар белгиланган бўлиб, айни пайтда мамлакатимизда ўзлаштириш имкони бўлган 1 миллион гектардан ортиқ майдондан қайта фойдаланишга эришилади. Шу боисдан Ўзбекистон бу борада ҳамкорлар билан ишлашга тайёр эканлигини маълум қилинди.
Қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш, аҳоли, хусусан, ёшлар бандлигига эришиш яна бир муҳим йўналишлардан бўлиб, бу борада Президентимиз саъй-ҳаракати билан барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизларнинг қишлоқ хўжалигидаги ўрнини ошириш борасидаги ишларни кенгайтиришга кенг йўл берилмоқда.
Маърузада баён этилган масалалар конференция иштирокчилари, хорижлик мутахассислар томонидан қўллаб-қувватланди.
Манба: «Халқ сўзи»