Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Араб компанияси Ўзбекистонда шамол электр станцияларини қуради
2019-06-24 | Жамият
Араб инвесторлари Ўзбекистонда умумий қуввати 500 МВт. га тенг шамол электр станцияларини қуради. Бу ҳақда давлат раҳбарининг тегишли қарори лойиҳасида кўрсатиб ўтилган.
Бу борадаги ўзаро келишув жорий йил март ойида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “Ўзбекэнерго” АЖ ва Abu Dhabi Future Energy Company PJSC (Masdar номи билан машҳур) ўртасида имзоланган эди.
Маълумот учун,муқобил энергетика соҳасидаги Masdar компанияси Саудия Арабистонидаги 400 МВт.ли илк шамол электр станциясини барпо этиш бўйича шу йил бошида ўтказилган тендерда ютиб чиққан. Мазкур лойиҳа амалга оширилса, у Яқин Шарқдаги энг йирик қурилмага айланади.
Эътиборлиси, Masdar бутун дунё бўйлаб қайта тикланувчи лойиҳаларга фаол сармоя киритмоқда. Масалан, Европадаги энг йирик ва Буюк Британияда жойлашган London Arrey шамол электр станцияси акциясининг 20 фоизи унга тегишлидир.
Ўзбекистон тарафи билан имзоланган битимда шамол электр станциясини лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш, бошқариш ва фойдаланишга топшириш босқичма-босқич амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган.
Ҳозирча мазкур қурилмалар қаерда барпо этилиши ва уларнинг қиймати ҳақида хабар берилмаган.
Бироқ араб компанияси ушбу лойиҳани “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ билан ҳамкорликда ўз маблағлари ҳамда инвестор томонидан мустақил жалб этган кредитлари ҳисобига бунёд этади.
АҚШнинг 2018 йилда Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очган White & Case ҳуқуқий компанияси эса лойиҳага молиявий маслаҳатчи сифатида жалб қилиниши кутиляпти.
Манба: «Халқ сўзи»