Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ
2019-06-24 | Сиёсат
2019 йил 21 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси иш бошлади.
Унда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида, авваламбор, миллий ва ҳудудий манфаатлар нуқтаи назаридан қонунлар ишлаб чиқилишида сенаторларнинг фаоллигини ошириш, ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, Сенатнинг халқаро йўналишдаги фаолиятини кучайтириш масалаларига эътибор қаратди.
– Биз Сенат деганда, биринчи навбатда миллий парламентимизнинг сиёсий, ҳуқуқий ва маданий савиясини амалда намоён этадиган, халқ манфаатларининг чинакам ифодачиси ва ҳақиқий ҳимоячиси бўлган катта бир кучни тасаввур қиламиз. Сенатор – бу халқнинг юксак ишончини қозонган вакил. Халқимиз олдида ҳаммамиз масъул ва жавобгармиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари ўз нутқида хотин-қизлар учун муносиб иш ва турмуш шароитлари яратиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, аёлларнинг социал-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида урғу берди.
– Бир нарсани тан олиш керак: аёллар халқнинг дардини бошқалардан кўра чуқур ҳис қилади. Бу йил декабрь ойида Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда меҳнаткаш ва оқила аёлларимиз қанчалик кўп сайланса, бундан давлатимиз ҳам, жамиятимиз ҳам фақат наф кўради, – деди Президент.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида янги қўмита – Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита тузишни таклиф этди. Ялпи мажлисда ташкилий масала кўриб чиқилди.
Маълумки, 2015 йилдан буён Сенат Раиси бўлиб ишлаган Ниғматилла Йўлдошев Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори этиб тайинлангани муносабати билан лавозимидан муддатидан олдин озод этилган эди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 86-моддасига асосан, Олий Мажлис Сенати Раиси лавозимига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган Танзила Норбоева номзодини таклиф этди.
Парламентнинг юқори палатаси аъзолари номзод тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Сўзга чиққанлар Танзила Норбоева билим ва тажрибаси, ватанпарварлиги, жамиятдаги обрў-эътибори, инсоний фазилатлари билан ушбу лавозимга муносиблиги, Сенат фаолиятини бугунги кун талаблари асосида такомиллаштириш бўйича Президент нутқида баён этилган устувор вазифаларни амалга оширишга қодир эканини таъкидладилар.
Сенаторлар томонидан яширин овоз бериш йўли билан Олий Мажлис Сенати Раиси лавозимига Танзила Норбоева сайланди.
Танаффусдан сўнг сенаторлар ўз ишини давом эттирдилар ва “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.
Ҳужжат туристик фаолиятни давлат томонидан тартибга солишнинг ҳуқуқий ва институционал базасини шакллантириш, миллий туристик маҳсулотни ички ва жаҳон бозорларида танитишга кўмаклашиш, саёҳат индустриясини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ишлаб чиқилгани таъкидланди.
Қонунда мазкур соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилади. Туризм соҳасига инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, солиқ ва божхона имтиёзларини белгилаш, янги иш ўринлари ташкил этиш, инновацион ва ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилишини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, туристик зоналар ва туристик кластерларнинг ривожлантирилишини рағбатлантириш каби йўналишлар шулар жумласидандир.
Бу соҳада Вазирлар Маҳкамаси ваколатларига ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва уни рўёбга чиқаришни мувофиқлаштириш, туристик зоналар, туристик кластерларни ташкил этиш ва уларда туризм соҳаси субъектлари фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилаш, хизматларни сертификатлаштириш, туристлар ва экскурсантларни суғурта қилиш, уларга тиббий, ҳуқуқий ҳамда бошқа турдаги ёрдам кўрсатиш тартибини белгилаш, бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилаш, туризм соҳасига инвестицияларни жалб қилиш ва туризмни ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича идоралараро ҳамкорликни мувофиқлаштириш, меҳмонхона хизматларини, туроператорлар ва турагентлар хизматларини кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш каби вазифалар киради.
Қонун нормаларида туризм соҳаси субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳамда хавфсизлигини ҳимоя қилиш устуворлиги, туризмни барқарор ривожлантириш ва бунинг учун қулай шарт-шароитлар яратиш, туризм соҳасида тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рақобатни ривожлантириш, туризм соҳасида ошкоралик ва очиқлик каби асосий принциплар белгиланмоқда.
Бундан ташқари, Қонунда халқаро ва ички туризм шакллари, шунингдек маданий-тарихий, зиёрат, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, ишбилармонлик, ижтимоий, спорт, тиббий, ёшлар туризми, агротуризм каби саёҳат турлари мустаҳкамланмоқда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг туризм соҳаси тадбирларидаги иштироки механизмлари белгиланмоқда, улар туризмни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, жамоатчилик назорати, бу соҳада таклифлар киритиш, давлат органлари ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишдан иборат.
Ушбу ҳажжат мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида туризмни ривожлантиришга, пировардида аҳоли турмуш даражаси ва сифатини оширишга кўмаклашиши қайд этилди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг сенаторлар “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Таъкидланганидек, бугунги кунда шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш долзарб масаладир ва бу нафақат интернет технологияларининг шиддат билан ривожланиши ва умуман глобаллашув, балки фуқароларнинг шахсий ҳаётга доир ҳуқуқини ҳимоя қилиш зарурати билан боғлиқ. Қонун шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ва уларни ҳимоя қилиш чоғида қўлланиладиган воситаларидан, шу жумладан ахборот технологияларидан қатъи назар, юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.
Инсон ва фуқаронинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш, шахсга доир маълумотларга ишлов бериш мақсадлари ва усулларининг қонунийлиги, шахсга доир маълумотларнинг аниқлиги ва ишончлилиги, шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги ва ҳимоя қилинганлиги, субъектлар, мулкдорлар ва операторлар ҳуқуқларининг тенглиги, шахс, жамият ҳамда давлатнинг хавфсизлиги асосий принциплар сифатида мустаҳкамланган.
Бундан ташқари, Қонунда давлат органларининг бу соҳадаги ваколатлари белгиланмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди, давлат дастурларини тасдиқлайди, Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрини юритиш ва давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш тартибини белгилайди, тегишли органларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради, шахсга доир маълумотларга ишлов берилаётганда ушбу маълумотларнинг ҳимоя қилинганлик даражасини, улар ҳимоясини таъминлайдиган талабларни, биометрик ва генетик маълумотлар мавжуд бўлган моддий жисмларга ҳамда бундай маълумотларни шахсга доир маълумотлардан ташқарида сақлаш технологияларига оид талабларни белгилайди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади, шахсга доир маълумотларга ишлов беришнинг ҳамда мулкдорнинг ва операторнинг шахсга доир маълумотларга ишлов берилишини ҳамда уларнинг ҳимоя қилинишини таъминловчи таркибий бўлинмаси ёки ваколатли вакили фаолиятини ташкил этишнинг намунавий тартибини тасдиқлайди, Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрини юритади, шахсга доир маълумотлар базасининг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома беради, давлат назоратини амалга оширади, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади, шахсга доир маълумотларнинг зарур ҳимоя қилинганлик даражасини белгилайди, ишлов бериладиган шахсга доир маълумотларнинг ҳажми ва мазмунини, фаолият турини, шахсга доир маълумотлар хавфсизлигига бўлган таҳдидларнинг ҳақиқийлигини таҳлил қилади, қонун ҳужжатларининг бузилишларини бартараф қилиш ҳақида кўрсатмалар киритади.
Шу билан бирга, Қонунда шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш механизмлари мустаҳкамланмоқда, у шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий, ташкилий ва техник чоралар кўришни назарда тутади. Бу субъектнинг ўз шахсий ҳаётига аралашувдан ҳимоя қилиниш ҳуқуқи амалга оширилишини, шахсга доир маълумотларнинг яхлитлигини ва бут сақланишини, шахсга доир маълумотларнинг махфийлигига риоя этилишини, шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов берилишининг олди олинишини таъминлайди. Шунингдек, Қонунда бундай маълумотларнинг махфийлиги, уларнинг ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган манбаларига киритиш учун субъектнинг ёзма розилигини олиш, шунингдек субъектнинг шахсга доир маълумотларини ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган манбалардан унинг мурожаатига кўра чиқариб ташлаш таъминланмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Парламент аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилдилар. Қонунда Ҳисоб палатасининг давлат ташқи аудити ва молиявий назоратининг олий органи сифатида ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланмоқда.
Давлат бюджети лойиҳаси параметрларини шакллантиришни тизимли таҳлил қилиш, қабул қилинаётган давлат дастурларининг ва ҳудудий дастурларнинг молиялаштириш манбалари билан таъминланганлиги аудитини амалга ошириш, шунингдек бюджет маблағлари тушумларининг тўлиқлигини ўрганиш ҳамда назорат қилиш, Давлат бюджети даромадларини кўпайтириш захираларини аниқлаш ва сафарбар қилиш, амалга оширилаётган бюджет харажатлари самарадорлиги ҳамда қонунийлигини аудитдан ўтказиш, бу харажатларни камайтириш имкониятларини аниқлаш Ҳисоб палатасининг асосий вазифалари ҳисобланади.
Бундан ташқари, Ҳисоб палатаси бюджет маблағлари ва давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини баҳолайди, солиқ, божхона ва бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга, бюджетни режалаштиришнинг замонавий усулларини жорий этишга доир таклифлар киритади, республика бюджети ҳамда маҳаллий бюджетлар ўртасидаги нисбатнинг мақбуллигини баҳолайди, Президент ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини назорат қилади, пул-кредит ва валюта сиёсатини, мамлакат активлари ҳамда мажбуриятлари ҳолатини, олтин-валюта захираларининг бошқарилишини, шунингдек қимматбаҳо металлар ва тошлар билан амалга оширилаётган операцияларни ташқи аудитдан ўтказади.
Ҳисоб палатаси фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, мустақиллик, холислик, очиқлик ва шаффофликдан иборатдир. Бундан ташқари, Қонун нормаларида Ҳисоб палатасининг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлиги механизмлари белгиланмоқда, шунингдек унинг фаолиятини ташкил этиш, мансабдор шахсларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари, шу жумладан Ҳисоб палатаси ходимларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш кафолатлари, Ҳисоб палатаси мансабдор шахсларини моддий ва ижтимоий таъминлаш, Ҳисоб палатасини молиявий ва моддий-техник таъминлаш масалалари тартибга солинмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра парламент аъзолари “Қурол тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Ҳужжат давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар қонуний асосда эгалик қилаётган ва фойдаланаётган қурол муомаласини тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилганлиги қайд этилди. Ҳужжатда қонунийлик, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда сақлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш устуворлиги, халқаро мажбуриятларнинг виждонан бажарилиши, ахборотнинг ошкоралиги ҳамда ундан фойдалана олиш каби қурол муомаласининг асосий принциплари белгиланмоқда.
Қонунда қурол турлари таснифланмоқда ва у фуқаровий қурол, хизмат қуроли ҳамда жанговар қуролдан иборат. Фуқаровий қурол ов қуроли, спорт қуроли ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролига бўлинади. Фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, мол-мулкни ҳимоя қилишга, табиатни, қимматбаҳо ва хавфли юкларни, махсус хат-хабарларни муҳофаза қилишга доир вазифаларни бажариш чоғида юридик шахсларнинг ходимлари томонидан, шунингдек мансабдор шахслар томонидан шахсий хавфсизликни таъминлаш мақсадида фойдаланиш учун мўлжалланган қурол хизмат қуроли жумласига киради. Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа тузилмалар томонидан қўлланиладиган, жанговар ҳаракатларни олиб бориш ҳамда хизмат вазифаларини бажариш учун мўлжалланган қурол жанговар қурол ҳисобланади.
Шунингдек, Қонунда қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар рўйхати белгиланган. Махсус органлар ва ҳарбий тузилмалар, махсус хизмат вазифаларига эга бўлган, қурол ишлаб чиқариш ва уни реализация қилиш, овчилик ва отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланадиган юридик шахслар, қуролни коллекциялаш ёки кўргазмага қўйиш билан шуғулланадиган юридик ва жисмоний шахслар, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ана шу рўйхатга киради.
Шундан кейин “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама этилди. Қайд этилишича, Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик жорий этишни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Бундан ташқари, Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга меҳнат қилиш ҳуқуқини, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда. Меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланиш мумкин эмаслиги тўғрисидаги талабларни бузганлик, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бажармаганлик, вақтинчалик ишга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар тўлаш мажбуриятидан бўйин товлаганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасига чет элдан иш кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик ҳам белгиланмоқда. Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, меҳнат қилишга маъмурий йўллар билан мажбурлаганлик ва бўш иш ўринларини бекитганлик учун ҳам маъмурий жавобгарлик кучайтирилди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра парламент юқори палатаси аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органларининг жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 1 майдаги ПҚ–2940-сонли қарорининг 10-бандига мувофиқ Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхатига ов ва спортга мўлжалланган ўқотар қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларини, шунингдек совуқ куролни (пичоқларнинг миллий турларидан ташқари) ишлаб чиқариш, таъмирлаш ва реализация қилиш ўрнига фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дориларини ишлаб чиқариш, таъмирлаш ва реализация қилишдан иборат янги фаолият тури киритилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 12 мартдаги қарорининг 11-бандига мувофиқ “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги ҳамда “Медиация тўғрисида”ги қонунларга суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнида медиация институти жорий этилишини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда. Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнида медиация тартиб-таомиллари ундирувчининг аризаси бўйича 15 кундан кўп бўлмаган муддатга ижро ишини юритишни тўхтатиб туриш учун асос ҳисобланади. Ундирувчи ва қарздор ўртасида ижро предмети юзасидан битимга эришилмаганда, шунингдек томонлардан бири медиацияни давом эттиришдан воз кечганда ёки уни амалга ошириш муддати тугаганда ижро ишини юритиш давлат ижрочиси томонидан қайтадан бошланади.
Мутахассис давлат ижрочиси қарори билан танишган кундан бошлаб 15 иш куни ичида ёзма хулоса тақдим этиши шартлигини назарда тутувчи ўзгартишлар ҳам киритилмоқда. Киритилаётган ўзгартишга кўра ижро ҳужжатларида ундирувчининг ёки қарздорнинг электрон почтаси ёки мобиль телефонининг рақами (агар улар судга ёки ижро ҳужжатини берган бошқа органга (мансабдор шахсга) тақдим этилган бўлса) мавжуд бўлган тақдирда, ижро ишини юритишни қўзғатиш тўғрисидаги хабарнома унинг жўнатилганлиги ва қабул қилиниб олинганлиги фактларини қайд этиш имконини берувчи махсус автоматлаштирилган тизимдан фойдаланган ҳолда электрон почтага ёхуд мобиль алоқа воситалари орқали қисқа хабар (SMS) тарзида юборилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра парламент аъзолари “Халқаро меҳнат ташкилотининг 1930 йилдаги Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-сонли Конвенциясига Баённомани (Женева, 2014 йил 11 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар. Қонун билан Халқаро меҳнат ташкилотининг 1930 йилдаги Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-сонли Конвенциясига Баённомани (бундан буён матнда Баённома деб юритилади) ратификация қилиш назарда тутилмоқда. Унга кўра ХМТнинг ҳар бир аъзоси Конвенциядан келиб чиқадиган ўз мажбуриятларини ижро этиш мақсадида мажбурий меҳнат хавфининг олдини олишга, мажбурий меҳнат хавфини оширадиган омилларни аниқлашга, иш берувчилар мажбурий меҳнат амалиётида иштирок этишининг олдини олиш учун уларни ўқитиш ва хабардор қилишга қаратилган фаол саъй-ҳаракатлар олиб боради.
Баённомани 30 та давлат, шу жумладан Буюк Британия, Норвегия, Финляндия, Франция, Чехия, Испания, Нидерландия, Исроил, Россия ратификация қилганлиги қайд этилди. Баённоманинг мажбурий меҳнатни тақиқлаш тўғрисидаги қоидалари Конституцияда (37-модда), Меҳнат кодексида (7-модда), Жиноят кодексида, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда, бир қатор қонунлар ва Ҳукумат қарорларида акс этганлиги таъкидланди.
Парламент аъзоларининг фикрича, ушбу Баённоманинг ратификация қилиниши мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, бунга мажбур қилинганларни ҳимоя қилиш ва ҳимоя воситаларидан фойдаланишни таъминлаш бўйича янги мажбуриятларни белгилаган ҳолда халқаро-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, шунингдек ХМТ билан муносабатларда Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантириш, мажбурий меҳнатга дучор қилинганлар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганган ҳолда халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар билан амалий ҳамкорликни ривожлантириш имконини беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин сенаторлар томонидан Навоий вилоятининг Навоий шаҳри ва Кармана тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Бу масала биринчи навбатда ҳудудларнинг ижтимоий инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Жумладан, Кармана туманидан ажратилаётган ҳудудда қарийб 7 минг киши истиқомат қилади.
Навоий шаҳри ҳудудининг чекланганлиги зарур ҳажмда қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш имконини бермайди. Шу сабабли кўп қаватли уйлар, спорт иншоотлари ва ижтимоий объектлар майдони 144 гектардан ортиқ Кармана тумани ҳудудининг бир қисмида қурилмоқда. Бироқ бу шаҳар коммуникацияларига уланиш имкониятини қийинлаштирмоқда. Шу муносабат билан Кармана тумани “Варқ” ва “Ёшлик” маҳаллаларининг 1 097,58 га ерини Навоий шаҳри таркибига ўтказиш назарда тутилмоқда. Масала сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра парламентнинг юқори палатаси аъзолари ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитдилар.
Ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) ҳажми 2018 йилда 8,2 трлн. сўмни, 2017 йилга нисбатан ўсиш суръати 102,1 фоизни ташкил этганлиги қайд этилди. 2019 йилнинг биринчи чорагида ЯҲМ 1,8 трлн. сўмни, ўтган йилнинг ўша даврига нисбатан ўсиш суръати эса 102,6 фоизга етди. Саноат маҳсулотларини чиқариш ҳажми 1673,4 млрд. сўмни ташкил этди ва ўша даврга нисбатан 100,5 фоизга ўсди. Вилоятнинг асосий капиталини кўпайтириш учун 519,8 млрд. сўмлик инвестициялар киритилди. Иқтисодий фаолият турлари бўйича хизматлар ҳажми 543,2 млрд. сўмни, 2018 йилга нисбатан ўсиш 118,5 фоизни ташкил этди.
Ҳисоботни эшитишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 19 февраль куни Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида берган топшириқлари ижросига, жумладан, вилоятнинг Ховос туман марказини комплекс ривожлантириш чора-тадбирларига асосий урғу берилди. Ҳозирги вақтда Ховос шаҳарчаси марказини қуриш ишлари амалга оширилаётганлиги қайд этилди. Жумладан, 240 та квартирага мўлжалланган арзон нархларда 10 та беш қаватли уй қуриш ишлари юқори суръатлар билан олиб борилмоқда. Бундан ташқари, 100 та уй қуриш учун ер майдонлари ажратилди, қурилиш ишлари бошланди.
Шу билан бирга, Сирдарё вилоятида ҳудудларни ривожлантиришга ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари иши самарадорлигини оширишга салбий таъсир кўрсатадиган муаммо ва камчиликлар мавжуд. Айрим вазирликлар ва идораларда мавжуд муаммоларни ҳал қилишга комплекс ёндашилмаслиги туфайли бу масалалар долзарблигини йўқотмаяпти. Жумладан, электр билан таъминловчи корхоналар диспетчерлик пунктларининг махсус техника билан таъминланганлик даражаси 40-45 фоизни ташкил этиши, бу эса тегишли хизматлар сифатини таъминлаш учун етарли эмаслиги қайд этилди.
Муҳокама чоғида вилоят аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудуд бўйича бу кўрсаткич атиги 65,6 фоизни ташкил этиши таъкидланди. Аслида бу кўрсаткични шу йилнинг ўзида 86,1 фоизгача ошириш имконияти мавжуд. Бунинг учун барча режалаштирилган ишлар аниқ ва сифатли бажарилиши керак. Муҳокама якунлари бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан кейин ялпи мажлис иштирокчилариистиқболли туризм йўналишида Ўзбекистон халқаро имижини ошириш чоралари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.
Мамлакатимизга саёҳат қилишни хоҳловчилар оқимини оширишда жаҳон ҳамжамиятини мамлакатимизда меҳмонлар учун яратилаётган шарт-шароитлар ва имкониятлардан тўғри хабардор қилиш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Бироқ хорижий мамлакатлар ташқи сиёсий идораларининг расмий тавсияларида Ўзбекистон ҳақида нохолис ва эскирган маълумотлар берилаётганлиги туфайли бу соҳада ижобий ўзгаришлар сезилмаяпти. Шу муносабат билан тегишли парламент сўровини юбориш зарурати юзага келди. Масала сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, парламент аъзолари Ички ишлар вазирлиги академик лицейларида қонун ҳужжатлари ижроси ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш ҳақидаги масалани ҳам кўриб чиқдилар. Масала сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра сенаторлар фуқароларнинг кўчмас мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, мулк ҳуқуқини расмийлаштириш ва уларни солиққа тортишга оид қонун ҳужжатлари ижроси ҳолати ва бу соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти тўғрисида, қишлоқ хўжалигида меҳнатга оид муносабатларни тартибга солиш ҳамда мазкур соҳадаги норасмий бандлик масалалари юзасидан, мамлакатда имконияти чекланган ёшларнинг таълим олиши учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида, умумтаълим мактаблари дарсликларининг давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқлиги тўғрисида аввал юборилган парламент сўровлари натижаларини кўриб чиқдилар.
Муҳокама этилган масалалар юзасидан Сенатнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида 18 та масала, шу жумладан 7 та қонун кўриб чиқилди.
Сенаторлар томонидан маъқулланган Ўзбекистон Республикаси қонунлари жамиятнинг барча соҳаларида ҳуқуқий асосларнинг янада мустаҳкамланишини ва ислоҳотлар ҳамда ўзгаришларнинг изчил амалга оширилишини таъминлашга қаратилганлиги таъкидланди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати