Тошкент шаҳрида навбатдаги Huawei 2019 ҳамкорлик конференцияси бўлиб ўтди.
21 июнь куни компаниянинг Ўзбекистон бозоридаги корпоратив сегментда фаолият олиб борадиган ҳамкорлари учун Huawei 2019 ҳамкорлик конференцияси ўтказилди. Конференция IT соҳасидаги маҳаллий ва глобал тенденциялар, Ўзбекистон бозорида ҳамкорликдаги бизнесни ривожлантириш истиқболлари, янги технологик ечимлар ва маҳсулотлар муҳокама этиладиган ўзига хос майдон ҳисобланади.
Ҳамкорлар Huawei компаниясининг корпоратив бизнесида муҳим роль ўйнашда давом этишмоқда. Ҳамкорлар билан ишлашни янада самарали даражага кўтариш — 2019 йил учун Huawei компаниясининг асосий вазифаси этиб белгиланган. Шу боис ўтган йилнинг охирида Huawei ҳамкорлик бизнесини ривожлантиришга йўналтирилган инвестицияларни кўпайтиришга доир стратегик қарорни қабул қилган. Huawei Enterprise корпоратив йўналишининг вакиллари ҳамда сотув ва ечимлар бўйича ҳамкорлар Ўзбекистонда 2019 йил учун белгиланган ҳамкорлик дастурининг муҳим янгиликлари ҳақида сўзлаб, тармоқ, узилишсиз қувватлаш тизимлари, маълумотни сақлаш тизимлари, унификацияланган коммуникациялар ва дата-марказлар йўналишидаги ечим ва технологияларни қўллаш; рақамли ўзгариш соҳасидаги замонавий трендлар, амалга оширилган лойиҳалар ва Huawei компаниясининг корпоратив бозордаги муваффақиятлари ҳақидаги мисоллар билан ўртоқлашди.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида “хавфсиз шаҳар” тизимини лойиҳалаш ва йўлга қўйиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг яқин йиллардаги инновацион ривожланиш стратегиясига оид мавзулар алоҳида эътиборни жалб қилди.
– 2019 йилда Huawei Enterprise Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш ва техник ёрдам, шу билан бирга, корпоратив мижозлар, жумладан давлат сегменти учун LTE технологияси асосида маълумотларни сақлаш тизимлари ва ечимлари йўналишида сезиларли савдо ўсишини прогноз қилмоқда. Хабарингиз бор, биз Huawei компаниясида Safe City ечимлари билан алоқадор Ўзбекистондаги лойиҳаларга алоҳида эътибор билан ёндашамиз, чунки бизнинг компаниямиз ушбу ечимни фойдаланишга тайёр ҳолатда тақдим қила олади, шу билан бир қаторда, “ақлли” таълимни тарғиб қиладиган лойиҳаларга ҳам катта қизиқиш билан қараймиз. Ёшлар хавфсизлиги ва таълими — Ўзбекистон тараққиёти ва барқарорлигининг гаровидир. Ҳамкорларимиз туфайли биз Ўзбекистон бозорида иқтисодиётнинг турли секторларига АКТ ечимларни етказиб берадиган таъминотчилар орасида етакчи позицияни эгалладик, – дейди Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги директори Лю Цзясин.
Huawei компанияси — телекоммуникацион технологиялар соҳасида жаҳондаги етакчи компаниялардан биридир. У жаҳоннинг 170 дан ортиқ мамлакатида ўз филиалларига эга. Мобиль алоқа операторлари учун маҳсулот ва ечимлар, маълумот узатиш тизимлари, оптик қурилмалар, роутер, тармоқ ускуналари, шунингдек, смартфон, планшет, компьютер ва маиший техника воситаларини ишлаб чиқариш компаниянинг асосий фаолият йўналиши ҳисобланади.
Манба: ЎзА