Бўш ер майдонларида доривор ўсимликлар етиштириш учун 20 миллион доллар сарфланади
Канадалик инвесторлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири таклифига кўра Сирдарё вилоятига ташриф буюрди.
Меҳмонлар вилоят ҳокимлигида мутасадди ташкилот ва идоралар раҳбарлари билан учрашди. Тадбирда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Каримов бугунги кунда хорижий инвесторлар билан ҳамкорлик қилиш учун Сирдарё вилоятида барча имкониятлар мавжудлиги, экспорт учун имкониятларини кенгайтириш ва қулай шароитлар яратиш борасида катта салоҳиятга эга экани ҳақида маълумот берди.
Вилоятда енгил саноатни ривожлантириш ва қурилиш ашёларини ишлаб чиқариш учун етарли хом ашё базаси мавжуд. Салкам 60 турдаги маҳсулотларни экспорт қилаётган 33тадан ортиқ экспортёр корхоналар фаолият юритмоқда. Вилоятнинг экспорт харитаси дунёнинг 38 мамлакатини қамраб олган бўлиб, экспортнинг асосий ҳиссаси Хитой, Қозоғистон, Эрон ва Россия каби давлатларга тўғри келмоқда.
Вилоятда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларнинг савдо уйлари фаолият кўрсатаяпти. Афғонистон, Тожикистон ва Ҳиндистонда 4та савдо уйларини ташкил этиш режалаштирилган.
– Канадалик инвесторларнинг ташрифи – Адлия вазирлиги таклифи билан амалга оширилди, – дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Жамшидхон Нуритдинов. – Инвесторлар вилоятга 20 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритишни режалаштирган. Ушбу инвестиция лойиҳасида вилоятнинг бўш ер майдонларида доривор ўсимликларни етиштириш режалаштирилган. Бу эса хориж билан ҳамкорликдаги яна бир қўшма корхона барпо этилаётганидан ва янги иш ўринлари яратилишидан далолат.
Инвесторларга ушбу доривор ўсимликларни вилоятнинг Ховос ҳамда Сардоба туманлари ҳудудидаги бўш ер майдонларида етиштириш таклифи билдирилди. Меҳмонлар таклиф этилган ер майдонларини жойига бориб ўрганди.
Манба: ЎзА