Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тожикистон делегацияси Маданият вазирлигида
2019-06-19 | Маданият
Жорий йилнинг 18 июнь куни Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев Тожикистон халқ артисти Сайрам Исаева бошчилигидаги Тожикистон делегациясини қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида маданият ва санъат, айниқса театр йўналишида жиддий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича таклиф-мулоҳазалар тингланди.
“Майсаранинг иши”да Майсара, “Нодирабегим” фильмида Нодирабегим ва яна бир қанча роллари билан ўзбек томошабинларига ҳам яхши таниш бўлган Сайрам Исаева мамлакатимизда кейинги йилларда кўплаб ижобий ўзгаришлар бўлаётганини тилга олиб, санъат ва маданият соҳаси ҳам бундан мустасно эмаслигини эътироф этди. Учрашув давомида Тожикистондаги Камоли Хўжанди номидаги мусиқали драма театри билан Тошкентдаги Муқимий номидаги мусиқали драма театри ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ўзаро фикр алмашилди. Унга кўра, ҳар икки давлат учун ҳам буюк саркарда ҳамда она тимсоли сифатида тарихда ном қолдирган Тўмарис ҳақида ўзбек ижодкорлари Тожикистонда, тожик актёрлари эса Ўзбекистонда спектакль намойиш қилади. Спектаклни саҳналаштириш жараёнларида ўзаро тажриба алмашилади.
Учрашувда, шунингдек, театр соҳасидаги ютуқ ва камчиликларни биргаликда таҳлил қилиш масалалари тилга олинди. Тожикистон делегацияси 17 июнь куни Муқимий номидаги мусиқали драма театрида Ўзбекистон халқ артисти Наима Пўлатованинг 80 ёшга тўлиши муносабати билан ўтказилган кечага ташриф буюрган эди.
Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев қўшни давлатдан ташриф буюрган меҳмонларни Марғилон шаҳрида июль ойининг 11-13 саналарида илк маротаба ўтказилаётган “Буюк Ипак Йўли” халқаро фольклор мусиқа фестивалига ва август ойида бўлиб ўтадиган “Шарқ тароналари” фестивалига таклиф этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги