Бангладеш Халқ Республикаси Президенти Муҳаммад Абдул Ҳамид Темурийлар тарихи давлат музейида бўлиб, Соҳибқирон ва унинг авлодлари ҳақида ҳикоя қилувчи ранг-баранг экспонатлар билан танишди.
Бугунги кунда музейда Амир Темур ва темурийлар даврига оид қўлёзма асарлар, турли давлатлар ҳукмдорлари билан олиб борилган ёзишмалар, қадимий тангалар, сопол ва мис, этнографик буюмлар, нодир китоблар, санъат асарлари каби 5 мингдан зиёд экспонат сақланади.
Президент Муҳаммад Абдул Ҳамид Темурийлар тарихи давлат музейининг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди.
Музей фаолиятида замонавий ахборот технологиялари ютуқларидан кенг фойдаланиб келинмоқда. Ташриф буюрувчилар музей бўйлаб виртуал саёҳат қилиши, экспонатларнинг 3D шаклидаги нусхалари билан яқиндан танишиши мумкин.
Олий мартабали меҳмонга Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар сулоласи, унинг миллий ва дунё давлатчилиги тарихида тутган ўрни, илм-фан, санъат ва маданият ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида сўзлаб берилди.
Ўзбекистон бетакрор диёр. Шонли ўтмиш, бой маданий тарихга эга диёрда бугун туризм жадал ривожланаётгани бежиз эмас. Бунга ушбу музей мисолида яна бир бор амин бўлдим. Амир Темур шахсияти ва у асос солган буюк давлатчилик тарихига дунёда катта ҳурмат ва қизиқиш билан қарашади. Бангладеш халқи ҳам инсоният ривожига муносиб асрий ютуқ бўлиб қўшилган, халқингиз закоси сифатида бунёд этилган асрий осори-атиқаларни кўриш истагида юртингизга саёҳат қилади. Икки томонлама муносабатларда ҳам айни шу йўналиш истиқболли соҳа сифатида ривожланиб бораётганига гувоҳмиз, деди Бангладеш Президенти.
Манба: ЎзА