Бангладеш Халқ Республикаси Президенти Муҳаммад Абдул Ҳамид мамлакатимиз маданий-тарихий марказлари билан танишиш мақсадида ташкил этилган ташриф доирасида 17 июнь куни пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом мажмуасида бўлди.
Меҳмонга мажмуа таркибидаги Қаффол Шоший мақбараси, Бароқхон, Мўйи Муборак мадрасалари, Тилла Шайх, Намозгоҳ масжидлари тарихи, ҳудудда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, хусусан, Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази қурилиши, фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Мажмуанинг миллий меъморлик анъаналари асосида бунёд этилгани ва бу ерда зиёратчилар учун кенг қулайликлар яратилгани Бангладеш Президентида катта таассурот қолдирди.
Мазкур обидалар халқингизнинг бой ўтмишидан далолат. Қадим тамаддун ўчоғи, дунё илм-фани ривожига ҳисса қўшган улуғ алломалар диёри бугун ҳам ана шундай маданият ва маърифат маскани бўлиб келмоқда, деди Муҳаммад Абдул Ҳамид.
Бангладеш Президенти Мўйи Муборак мадрасасида сақланаётган Усмон Мусҳафини зиёрат қилди.
Олий мартабали меҳмон Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ислом динини ўрганиш, унинг асл инсонпарварлик ғояларини кенг ёйиш борасида олиб борилаётган ишларга юксак баҳо берди.
Манба: ЎзА