Қашқадарё вилояти Касби туманида Жанубий Корея, Россия, Туркия, Ҳиндистон, Польша каби 7 та давлатдан 20 га яқин инвестор ҳамда маҳаллий тадбиркорлар иштирокида бизнес форум бўлиб ўтди.
Туманда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, қулай инвестиция муҳити, инвесторларга бир қатор имтиёзлар яратиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Сингапур давлатининг “ИНДОРАМА АГРО” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонаси пахта етиштириш ва қайта ишлаш бўйича 115,2 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритишни мўлжалламоқда. Жорий йилнинг январь-май ойларида лойиҳани амалга ошириш учун 34 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестиция киритилиши ҳисобига 1000 та янги иш ўрни яратилди.
Яна бир корхона “Myung Sung Placon LTD” компанияси билан 5 гектар ерда гидропоника усулида иссиқхона қуриш ишлари бошлаб юборилди.
Бундан ташқари, жорий йилда Хитой давлати компаниясининг 5,7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестицияси ҳисобига “Биг-РЕГИОН” масъулияти чекланган жамиятида 5,2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги жинси матоси ишлаб чиқариш, Россиянинг ООО “АЛТАЙ РАЙ” компанияси билан “ALTAY RAY” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонаси ташкил этиш лойиҳалари амалга оширилади.
Компаниямиз асосан Осиёда жойлашган давлатларга энергетика, газ қазиб олиш ва етказиб бериш йўналишларига инвестиция киритади ва ҳамкорликда ишлайди, – дейди Ҳиндистоннинг “NTPC Limited” компанияси менеджери Алок Кумар. – Мақсадимиз Ўзбекистон билан ҳам энергетика соҳасига инвестиция киритиш ва ҳамкорлик қилиш.
Таъкидлаш лозимки, туман қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган. Шу боис ҳудудда йилига 90 минг тонна сабзи ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилади. Лекин уларни қайта ишлайдиган бирорта ҳам корхона мавжуд эмас.
Манба: ЎзА