Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Япониянинг Нагоя шаҳрида ватандошларимиз томонидан Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти тарғиб қилинди
2019-06-17 | Туризм
Ўзбекистон Республикаси Президентининг хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасидаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан хориждаги ватандошлар билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиб келинмоқда.
Япониянинг Нагоя Иқтисодиёт университетида жорий йилнинг 20 майдан 28 июнгача ўтказилаётган халқаро тадбир доирасида ватандошларимиз иштирокида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти тарғиб қилинди.
Мазкур тадбирда турли давлатлардан келиб таҳсил олаётган талабалар ўзларининг миллий таомлари, урф-одатлари, маданияти ва анъаналарини намойиш этишмоқда. Шу жумладан, ватандошларимиз Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, маданияти ва анъаналари ҳамда ЮНEСКОнинг жаҳон мероси рўйхатига киритилган Хива шаҳри тақдимотини ўтказишди. Шунингдек, тадбир давомида ўзбек миллий таомлари тайёрланиб, иштирокчиларга улашилди.
«Тадбир доирасида Хива ҳақида тақдимот ўтказдик, тақдимотни иштирокчилар катта қизиқиш билан кузатишди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тақдим этилаётган Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини акс эттирувчи тарғибот материаллари, жумладан видеороликлар, расмлар, тарқатма материаллар, флаерлар, кепка, футболка ва бошқа воситалардан фойдаланилди. Кейинги тақдимотимиз 20 июнь куни Бухоро ҳақида бўлади» – дейди ватандошларимиз Миржалол Менгбоев, Дилшод Закиров, Элёр Ҳолиёров ва Ҳасан Давлатовлар.
Ўз навбатида, Туризмни ривождантириш давлат қўмитаси Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини хорижда кенг тарғиб қилишда фаоллик кўрсатаётган ватандошларимизга миннатдорчилик билдиради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги