Таиланд қироллигининг Паттая шаҳри Тинч океани соҳилларида жойлашган дунё сайёҳларининг энг севимли масканларидан биридир.
Йилига ўртача 5 миллиондан ошиқ турист келадиган мазкур шаҳарни қадимий тай халқи шамол номига қўйган экан.
Осиё–Океания кураш конфедерацияси тақвим режасига асосан жорий йил 17-21 июнь кунлари мазкур шаҳарда кураш бўйича 20 ёшгача бўлган янги Осиё чемпионлари номи аниқланади.
Чемпионатда қитъамизнинг 20 га яқин мамлакатидан 200 дан ортиқ спортчи иштирок этиши кутилмоқда. Таиланд Қироллиги спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Таиланд Кураш федерацияси ва Паттая шаҳри мерияси Осиё чемпионатига юқори даражада тайёргарлик ишларини олиб бормоқда.
Осиё–Океания кураш конфедерацияси матбуот хизматининг хабар қилишича, қитъа биринчилиги доирасида 18 июнь куни Осиё-Океания кураш конфедерациясининг навбатдаги Конгресс йиғилиши ҳам бўлиб ўтади. Унда конфедерациясига Лаос, Бангладеш, Қирғизистон миллий федерациялари аъзоликка қабул қилиниши кутилмоқда.
Сўнгги йилларда Таиланд Қироллигида ўзбек кураш спорти фаол даражада ривож топмоқда. Таиланд миллий федерацияси 2008 йилда ташкил этилган. Мамлакат раҳбариятининг бевосита қўллаб-қуватлаши самарасида бугунги кунда қиролликнинг барча ҳудудларидаги таълим муассасаларида кураш спорти бўйича ўқув йўналишлари ташкил этилган. 2013 йилдан бошлаб Таиланддаги энг нуфузли спорт тадбири — «Университет талабалари ўйинлари» таркибидан кураш расмий спорт тури сифатида ўрин эгаллаган.
Шунингдек, Таиланд кураш бўйича Осиё ва жаҳон миқёсидаги қатор йирик турнирларга мезбонлик қилиб келмоқда. Хусусан, Паттаяда 2016 йилдан буён ҳар йили Паттая опен халқаро турнири ўтказилмоқда.
2014 йил Таиланд мезбонлигида ўтган Осиё соҳил ўйинларида кураш спорти ушбу нуфузли мусобақа дастуридан расмий тарзда ўрин эгаллаган эди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги