Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқи

2019-06-15 | ШҲТ

(Бишкек шаҳри, Қирғизистон Республикаси, 2019 йил 14 июнь)

Муҳтарам Сооронбай Шарипович!

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Шарипович Жээнбековга яна бир бор самимий қабул учун миннатдорлик изҳор қилмоқчиман.

Замонавий халқаро муносабатлар туб ўзгаришлар давринибошдан кечирмоқда.

Бир томондан, дунёда янги ахборот-технология тартиблари шаклланмоқда.

Илмий-техникавий тараққиёт инновацион ривожланиш учун ноёб имкониятлар яратиб бермоқда.

Бошқа томондан, йирик давлатлар ўртасидаги манфаатлар кураши кучайиб, жаҳон бозорида рақобат кескинлашмоқда. Демографик ва экологик номувозанатлилик кучайиб, озиқ-овқат ва сув хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар жиддий тус олмоқда.

Буларнинг барчаси терроризм, экстремизм, наркотрафик, трансчегаравий уюшган жиноятчилик ва қуролли низолар шароитида содир бўлмоқда.

Бугунги кунда биз учун:

– хавфсизликни таъминлашда келишилган сиёсатни юритиш;

– давлатларимиз барқарор тараққиёти ва равнақи учун қулай шароитлар шакллантириш муҳим.

ШҲТ роли ва мавқеини янада мустаҳкамлаш бизнинг"Шанхай руҳи" ҳамда ташкилот тамойил ва қадриятларига нечоғли амал қилишимизга боғлиқ бўлади.

Яқинда Пекинда «Бир макон, бир йўл» форуми муваффақиятли ўтказилди. Эртага Душанбеда Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг саммити бўлиб ўтади.

ШҲТ билан бир қаторда бу мулоқот майдонлари барчамиз учун умумий шериклик маконини шакллантиради.

Бу минтақамизда замонавий тараққиётнинг энг муҳим масалалари бўйича ёндашувларни мослаштиришга хизмат қилади.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Бизнинг фикримизча, Марказий Осиё бундан кейин ҳам ШҲТнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолиши зарур.

Бугунги кунда минтақамиз нисбатан барқарор, ишончли ва иқтисодий жиҳатдан мустаҳкам бўлиб бормоқда.

Бу кенг миқёсли ҳамкорлик, муҳим минтақавий лойиҳаларни илгари суриш учун қулай шароит ва ноёб имкониятлар яратади.

Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши шулар жумласидан. Бу ўзаро савдони ривожлантириш ва мамлакатларимизга инвестициялар оқимини оширишга кучли туртки бериши шубҳасиз.

Шу билан бирга, минтақа барқарорлиги кўп жиҳатдан Афғонистондаги вазият билан белгиланади. Ўзбекистон афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш жараёнини тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

Бугун қабул қилинаётган “ШҲТ – Афғонистон” Мулоқот гуруҳининг ҳаракатларига доир "Йўл харитаси", шунингдек, ушбу мамлакатни устувор инфратузилма лойиҳаларини илгари суриш орқали минтақавий ҳамкорликка жалб қилиш муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, биз глобал тус олган ва миллионлаб инсонлар ҳаёти, Марказий Осиё мамлакатларининг экологик фаровонлиги ва иқтисодий тараққиётига салбий таъсир кўрсатаётган Орол инқирози оқибатларини бартараф этиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш тарафдоримиз.

Мазкур муаммони ҳал этиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафеълигидаги Оролбўйи минтақаси учун кўп шериклик Траст фонди ташкил этилди.

Бу ерда Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди яратиш бўйича яқин ҳамкорлик қилиш ниятидамиз.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

ШҲТ доирасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга оид таклифларим билан ўртоқлашмоқчиман.

Биринчи. Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қуйидаги муҳим ҳужжатларни ишлаб чиқишни таклиф қиламиз:

– Ўзаро алоқалар, самарали иқтисодий ва транспорт йўлакларини ривожлантириш бўйича ШҲТ Ҳамкорлик стратегияси;

– "Ақлли" қишлоқ хўжалиги ва агроинновацияларни жорий этиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик концепцияси.

Иккинчи. Мамлакатларимизда замонавий ресурс тежовчи ва экологик тоза технологияларни кенг жорий этиш мақсадида ШҲТнинг "Яшил белбоғ" дастурини қабул қилиш долзарб аҳамиятга эга, деб ҳисоблаймиз.

Учинчи. Ахборот технологиялари ривожланишига масъул идоралар раҳбарларининг мунтазам учрашувлари механизмини жорий этиш, шунингдек, киберхавфсизлик масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқишни таклиф қиламиз.

Тўртинчи. Мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш мақсадида ШҲТнинг Иқтисодий форумини мунтазам ўтказиш тарафдоримиз. Илк форумни Самарқанд шаҳрида ўтказишга тайёрмиз.

Бешинчи. ШҲТ доирасида парламентлараро мулоқотни тиклашга доир ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз. Ушбу янги механизм Ташкилот имкониятларини кенгайтириб, фаолиятимизга парламентарийлар, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш имконини беради.

Олтинчи. ШҲТ шаҳар ва минтақаларининг тарихий-маданий меросини оммалаштириш ва туристик салоҳиятини янада тўлиқ намоён этиш муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Яна бир яхши анъанага асос солишни таклиф қиламиз: ҳар йили Ташкилотда раислик қилувчи мамлакатдаги шаҳарлардан бирини ШҲТ сайёҳлик ва маданий пойтахти, деб эълон қилиш.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Яна бир бор муҳтарам Сооронбай Шариповичга меҳмондўстлик ва Саммитни юксак даражада ташкил этгани учун миннатдорлик билдираман.

Муҳтарам Владимир Владимировичга Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилишда чин кўнгилдан муваффақиятлар тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат!

Манба: ЎзА

Поделиться