Бокс бўйича ҳаваскорлар ўртасида қитъа ва жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолибига айланган ҳамюртимиз Бектемир Мелиқўзиев бугун тонгда профессионал рингдаги илк жангини ўтказди.
У профессионал бокснинг супер ўрта (-76,2 кг) вазн тоифасида рингга кўтарилиб, дебют жангидаёқ номдор рақибини нокаутга учратди.
Лос-Анжелесдаги “The Avalon” саройида ташкил этилган бокс оқшомида Мелиқўзиевга шу кунга қадар профессионал рингда 46та жанг ўтказган аргентиналик тажрибали чарм қўлқоп устаси Мартин Фидел Риос рақиблик қилди. Шу ўринда таъкидлаш керак, Риос бугунгача профессионал боксда 23та ғалабага эришган бўлиб, шундан 13тасини муддатидан аввал ўз фойдасига ҳал қилган.
Гарчи жанг 6 раундга мўлжалланган бўлса-да, жангнинг биринчи раундидаёқ Бектемир томонидан берилган кучли зарбадан кейин Риос ерга қулади ва рефери ҳамюртимиз фойдасига нокаутни қайд этди. Шу тариқа профессионал боксга “безори” лақаби билан кириб келаётган Мелиқўзиев ўзининг дебют жангида ишончли ғалабага эришди.
Эслатиб ўтамиз, Бектемир Мелиқўзиев шу йилнинг апрель ойидан АҚШда “Мир бокса” промоутерлик клубида машғулотлар олиб бормоқда.
Манба: ЎзА