2019 йил 30 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Электротехника саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва тармоқнинг инвестициявий ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган брифингда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси бошқаруви раиси Алишер Абдуллаев айни шу қарорнинг мазмун-моҳияти ва бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берди.
Ҳужжат асосида электротехника саноатини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди. Эндиликда энергия тежамкор, арзон ва сифатли электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарилишига янада катта аҳамият қаратилади. Шу билан бирга, ишлар изчиллигини таъминлаш учун 2019-2020 йилларда электротехника саноатини жадал ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган. 2019-2021 йилларда электротехника саноатида 71та лойиҳа амалга оширилиши ва мазкур лойиҳалар учун 558,9 миллион доллар сарфланиши кўзда тутилган.
Қарорга мувофиқ, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб электротехника корхоналари учун бир қатор имтиёзлар берилади. Хусусан, электротехника маҳсулотларининг давлат харидларини амалга оширишда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга 20 фоизгача нарх преференцияси қўлланилиши, бюджет ҳисобидан қуриладиган объектлар учун республикада ишлаб чиқариладиган электротехника маҳсулотлари сотиб олиниши, электротехника корхоналарининг экспорт бўйича муддати ўтган қарздорлик ҳосил бўлишини ҳисоблашнинг муддати 180 кун, электротехника корхоналарининг ўз эҳтиёжлари учун олиб кирадиган технологик ускуналари бўйича тўланган пул маблағларини қайтариш муддати 270 кун этиб белгиланди.
Таъкидланганидек, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси таркибига кирувчи корхоналар 2022 йил 1 январга қадар белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжи учун хориждан олиб келинадиган (мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган) хомашё, материаллар, бутловчи қисмлар ва асбоб-ускуналар бўйича божхона божларини тўлашдан озод этилади. Шунингдек, 2019-2021 йилларда маҳаллийлаштириш тавсия этиладиган маҳсулотлар рўйхати ҳам тасдиқланган. 2020-2030 йилларда электротехника саноатини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилиши ҳам режалаштирилган.
Хориж давлатлари компаниялари учун Ўзбекистон бозори янги имкониятдир, – деди Хитойдаги “Hainergy” компанияси лойиҳа менежери Сиангфей Ванг хоним. – Компаниямиз компьютер технологиялари, электрон кутубхоналарни ривожлантиришга кўмаклашади, рақамли телевидение ва унга ишлатиладиган ускуналарни етказиб беради. Бундан ташқари, у қуёш панелларини ишлаб чиқариш ва қуёш панеллари электр станцияларини қуриш билан ҳам шуғулланади.
Манба: ЎзА