Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистонда Қозоғистон йили: Икки томонлама муносабатларда янги ташаббуслар

2019-06-13 | Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев 2017 йилда олий даражадаги мулоқотлар якуни бўйича 2018 йилда Қозоғистонда Ўзбекистон йили ва 2019 йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йилини ўтказишга келишиб олган эди.

2018 йил Қозоғистонда ўтказилган Ўзбекистон йилида мамлакатларимизнинг сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва туризм алоқаларини ривожлантириш бўйича қатор тадбирлар ташкиллаштирилди. Ўзбекистонда кенг нишонланаётган Қозоғистон йили доирасида ҳам мазкур йўналишларда янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.
 
Икки давлат раҳбарлари жорий йил апрель ойида Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг очилиши муносабати билан ташкил этилган маросимда иштирок этаркан, мазкур йирик тадбир халқларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаб, азалий дўстликни улуғлашдек муштарак мақсадларга эришишда муҳим ўрин тутишини қайд этдилар.
 
Ушбу фикр ва дўстлик ришталари самараларига бўлган юксак ишонч Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида ҳам ўз аксини топмоқда.
 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси билан Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси ўртасида 2018 йилда ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланганди.
 
Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида икки мамлакат олий вакиллик органлари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро мулоқот ва учрашувлар, турли даражадаги ташрифларни фаоллаштириш кўзда тутилган.
 
– Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси Раиси Нурлан Нигматулин бошчилигидаги делегация 5-7 июнь кунлари ташриф билан мамлакатимизда бўлди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси Қодир Жўраев. – Президент Шавкат Мирзиёев делегация аъзолари билан учрашувда икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқаларни янада фаоллаштириш бўйича қатор таклифларни илгари сурди. Хусусан, қонун чиқарувчи органлар қўмиталари даражасида ҳам алоқаларни йўлга қўйиш, парламентлараро дўстлик гуруҳлари имкониятларидан самарали фойдаланиш лозимлигини қайд этди. Ушбу таклифлар Ўзбекистонда нишонланаётган Қозоғистон йили доирасида ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитишга қаратилгани билан аҳамиятли.
 
Икки давлат ўртасида туризм алоқаларини ривожлантириш борасида олиб борилаётган амалий ишлар натижасида Ўзбекистонга келган қозоғистонлик сайёҳлар сони 2018 йилда 2 миллиондан ортди. Бу кўрсаткич ўтган йили мамлакатимизга келган жами туристларнинг салкам 30 фоизини ташкил этади.
 
Ўзбекистонда Қозоғистон йили муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қозоғистон Республикаси Туризм саноати қўмитаси ва “Kazakh Tourism” миллий компанияси билан фаол ҳамкорликни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Икки мамлакат туризм компанияларининг Ўзбекистон ва Қозоғистонда ўтказиладиган туристик ярмаркалар ва тадбирларда иштироки таъминланмоқда.
 
Хусусан, жорий йилнинг февраль ойида Бухоро шаҳрида ўтган Зиёрат туризми бўйича биринчи халқаро форумда Қозоғистоннинг туризм соҳасида фаолият юритадиган қатор расмий ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
 
Шу йил пойтахтимизда бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро туристик кўргазмасида ҳам қозоғистонлик вакиллар иштироки кутилмоқда. Жорий йилнинг иккинчи ярмида эса Ўзбекистон – Қозоғистон туристик форумини ташкил этиш режалаштирилган – барча саъй-ҳаракатлар халқлар ўртасидаги маданий алмашинувни мустаҳкамлаш ва икки мамлакат туризм салоҳиятини биргаликда илгари суришга қаратилган.
 
Яқин истиқболда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги “Миллий PR-маркази“ билан “Kazakh Tourism” миллий компанияси ўртасида имзоланадиган ҳамкорликка доир ҳужжат бу борадаги мақсадлар сари яна бир қадам бўлади.
 
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида машинасозлик, электротехника, озиқ-овқат, туризм, транспорт ва логистика соҳаларида кооперация дастурлари ва лойиҳалари амалга оширилмоқда. Қисқа вақтда ўзаро савдо ҳажми юқори суръатларда ўсиб, 2017 йилда 2 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич қарийб 50 фоизга ўсди. 2019 йилда икки мамлакат савдо-иқтисодий алоқаларини янада кенгайтириш ва ўзаро товар айрибошлаш ҳажмини 5 миллиард АҚШ долларига етказиш режалаштирилган. Бунда Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида ташкил этилаётган қўшма бизнес-форумлар, B2B шаклидаги музокаралар, янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиб, амалга ошириш алоҳида ўрин тутади.
 
Ўтган йили Чимкентда ўтказилган Ўзбекистон – Қозоғистон биринчи ҳудудлараро форумида қиймати 320 миллион АҚШ долларидан зиёд шартномалар имзоланган, ҳудудлар ўртасида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш бўйича 15 та келишувга эришилган эди.
 
Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида шу йил тўртинчи чорагида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон – Қозоғистон иккинчи ҳудудлараро форуми мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасида иқтисодий шерикликни ривожлантириш каби манфаатли келишувларга бой бўлиши шубҳасиз.
 
Тошкент, Самарқанд, Қарши, Бухоро, Нукус шаҳарларида 10-21 май кунлари “Қозоғистон таълими кунлари” кўргазмасининг ташкил этилгани таълим соҳасидаги алоқалар фаоллашиб бораётганидан дарак.
 
Мамлакатимизда Қозоғистон йили доирасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда қўшни давлатнинг 42 та олий ўқув юрти делегациялари иштирок этди. Кўргазмаларда қўшни давлат университет ва институтларидаги кундузги, сиртқи ва масофавий таълим тизими ҳақида тақдимотлар ташкил этилди.
 
Шунингдек, бугунги кунда малакали кадрлар тайёрлашдаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида олий таълим тизимида тажриба алмашишлар амалга ошириб келинмоқда. Тошкент фармацевтика ва Тошкент темир йўл муҳандислари институти каби қатор олий таълим муассасаларида Қозоғистоннинг етакчи университетлари профессор-ўқитувчилари иштирокида ўқув семинарлар ташкил этилгани шулар жумласидан.
 
Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг кенг нишонланаётгани мамлакатларимизнинг стратегик шериклик муносабатларини янада тараққий эттириш, янги ташаббусларни илгари суриш, халқларимиз бирдамлигини мустаҳкамлаш, минтақавий барқарорликни таъминлашдек муштарак мақсадларга эришишга қаратилган муҳим воқеликдир.

Манба: ЎзА

Поделиться