Айни дақиқаларда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан «Давлат илмий-техника дастурлари доирасида илмий лойиҳаларни танлаш, саралаб олиш, мониторинг қилиш ва ҳисобини юритишнинг яхлит тизимини жорий этиш» мавзусида матбуот анжумани ўтказилмоқда.
Тадбир доирасида давлат илмий техника дастурлари доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар танлови ғолиблари тақдирланди. Жумладан, олимлар гуруҳи томонидан тақдим этилган «Пахта майдони агрофонини шакллантириш ва кластер асосида пахта ҳомашёсини машина орқали бир теримда йиғиб олиш учун техник воситаларни таянч тўпламини ишлаб чиқиш» лойиҳаси учун 3 миллиард сўм миқдоридаги грант ажратилгани маълум қилинди.
“Бунда 12 та институт ҳамкорликда фаолият олиб боради. Энди майда лойиҳалар эмас, балки ҳақиқатдан тижоратлаштириш имкони бўлган лойиҳаларни молиялаштирамиз. Асосийси илмий лойиҳаларни сифатини кўпайтириш, инновацион экотизимни ривожлантиришдан иборатдир. Энди фақат ойлик эмас, балки улар бу ишланмаларини тақдим этиш учун халқаро анжуманларда ҳам иштирок этишга маблағи бўлади. Бугунги кунда 172 та тематикани эълон қилдик. Биз сўрайдиган нарса маҳсулот! Агар олим аниқ натижа бермаса жавобгарлик бор! У маблағни қайтариши керак, деди Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов.
И.Абдураҳмоновнинг айтишича, лойиҳа олиш учун ҳатто сунъий рақобат яратишга уринишлар бўлган. Бу ҳолатлар аниқланиши билан уларга рад жавоби бериляпти.
Анжуманда берилган маълумотга қараганда ҳозирги кунда битта лойиҳанинг ўртача қиймати йиллик 505,0 млн. сўмдан юқори бўлиб,1 июнь ҳолатига битта лойиҳани молиялаштириш ҳажмининг ўртача қиймати аввалги йилларга нисбатан 3,3 маротабага ошишига эришилди.
Манба: ЎзА