Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фарғонада Марказий Осиёда ягона бўлган завод барпо этилади
2019-06-12 | Иқтисодиёт
Фарғонага Хитойнинг “BNBM coltd” компанияси раиси жаноб Ванг Бинг ташриф буюрди. Хорижлик ҳамкор вилоят ҳокимлигининг Фарғона туманидаги қабуллар уйида кутиб олинди.
Қайд этиб ўтилганидек, жорий йилнинг 27-29 май куни вилоят ҳокими бошчилигидаги делегациянинг Хитой Халқ Республикасига ташрифи доирасида ҳам бир қатор келишувларга эришилган эди. Яқин келажакда Фарғонада самарали лойиҳаларни амалга ошириш, “Бир макон – бир йўл” ташаббуси доирасида манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, вилоятга Хитой инвестицияси ва замонавий технологияларини жалб этиш ҳақида таъкидлаб ўтилди.
Тажрибали инвестор ва тадбиркор вилоят раҳбарига ўз таклифлари ва мақсадли лойиҳалари ҳақида атрофлича маълумот берди. Шундан келиб чиқиб айнан Хитой инвестицияси орқали Фурқат туманида қурилиш материаллари ҳамда гипсокартон ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги завод қурилиши ва ундан кутилаётган натижалар тўғрисида маълумот берди. Жорий йилдан бошлаб қурилиши кутилаётган мазкур завод ўз салоҳияти билан Марказий Осиёда ягона ва йирик корхона бўлишини, қолаверса, унинг маҳсулотлари Россия Федерацияси, яқин хориждаги қўшниларимиз Қозоғистон ва Қирғизистон Республикаларига экспорт қилинишини қўшимча қилди.
Ушбу заводнинг истиқболдаги вазифалари муҳокама қилинди.
Расмий учрашувдаги самимий мулоқот манфаатли келишувларга асос бўлди. Муҳокама этилган масалалар бўйича меморандум имзоланди.
Манба: «Халқ сўзи»