Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Инвесторлар уюшмаси давлат рўйхатидан ўтказилди.
Уюшма уставига кўра, унинг асосий мақсади Ўзбекистонда инвестициявий муҳитни яхшилаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, маҳаллий ва хорижий инвесторларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат.
Уюшманинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
республикага чет эл инвестицияларни жалб этишда, шунингдек маҳаллий тадбиркорлик субъектларига хорижий компаниялар билан амалий алоқаларни ўрнатишда ва ташқи ҳамкорларни топишда кўмаклашиш;
ягона давлат инвестиция сиёсатини амалга оширилишида, давлат ривожланиш дастурлари ва инвестиция дастурлари, шу жумладан тармоқ ва ҳудудий инвестиция дастурларининг ишлаб чиқилиши ва самарали амалга оширилишида иштирок этиш;
инвестиция фаолиятига, шу жумладан инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга салбий таъсир кўрсатадиган муаммоларни доимий асосда ўрганиш.
Уюшмани раиси этиб Буюк Британиянинг Шеффилд университети битирувчиси М.Муҳитдинов сайланди. Ҳозирги кунгача у Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Инвестицияларни жалб этиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.
Манба: ЎзА