Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматовнинг миллий матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўзлаган нутқи
ТИВ фаолияти ўтган давр мобайнида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида акс эттирилган вазифалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг кўрсатма ва топшириқларини бажаришга қаратилди.
Ҳурматли оммавий ахборот воситалари вакиллари,
Ҳурматли брифинг иштирокчилари,
Сизлар билан яна бир бор кўришиб турганимдан жуда ҳам мамнунман.
Бундай тадбирлар мунтазам равишда ўтказиб борилаётгани қувонарли ҳолдир.
Бугунги кунда нафақат бизнинг минтақамиз, балки бутун дунёдаги вазият кескин равишда ўзгариб бораётган бир пайтда жамоатчиликни Ташқи ишлар вазирлиги фаолияти тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиш нуқтаи назаридан бу каби тадбирлар жуда муҳим ва фойдалидир.
Ўтган беш ой мобайнида мамлакатимизнинг сиёсий ҳаёти турли сиёсий, иқтисодий ва маданий тадбирларга жуда бой бўлди.
Шу муносабат билан бугун мен сизларга қисқача равишда ўтган давр мобайнида Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган асосий тадбирлар бўйича маълумот бермоқчиман. Агар олиб борилган фаолият тўғрисида батафсил гапирадиган бўлсак, бу сизларни анча вақтингизни олиб қўйиши мумкин.
Айни пайтда «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурида белгиланган мақсадларга эришишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вақтни тежаш мақсадида нутқимни уч қисмга бўлмоқчиман.
I. Сизларга олий даражадаги ташрифлар тўғрисида маълумот бермоқчиман.
Йил бошидан буён Президент Ш.М.Мирзиёевнинг хорижий давлатларга 4 та ташрифи амалга оширилди, Ўзбекистонга эса 4 та чет эл давлатлар раҳбарларининг ташрифи бўлиб ўтди.
- жорий йилнинг 18-20 январь кунлари Президент Ш.М.Мирзиёев Ҳиндистонга ташриф буюриб, Бош вазир Нарендра Моди таклифига биноан «Жўшқин Гужарат-2019» IX халқаро инвестицион саммитида иштирок этди.
Шуни таъкидлаш жоизки, «Жўшқин Гужарат – 2019» саммитида иштирок этган хорижий давлатлардан 80 дан зиёд юқори мартабали вакиллар ҳамда тўртта бош вазирлар орасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ҳиндистон ҳукумати раисининг бош меҳмони сифатида қабул қилинди.
Ҳиндистоннинг Осиё қитъасида етакчи давлатлардан бири эканлиги ҳисобга олган ҳолда, ҳинд ҳукуматининг бундай илтифоти жаҳон ҳамжамияти томонидан Н.Модининг Ўзбекистон раҳбарига ҳамда унинг олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатига юксак ҳурмат сифатида баҳоланди.
Саммит доирасида аниқ ва муҳим иқтисодий натижаларга эришилди.
Ўзбекистон Президенти савдо-иқтисодий, инновацион, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга оид бешта муҳим ташаббусни илгари сурди.
Бундан ташқари, 108,6 млн. долларлик 7 та инвестицион битим имзоланди ва қиймати 72,8 млн. долларлик 8 та экспорт шартномалари тузилди.
- 2019 йилнинг 21-22 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига расмий ташрифи бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари Германия Президенти Франк-Валтер Штайнмаер, канцлер Ангела Меркел, Бундестаг раиси Волфганг Шойбле, Бавария Бош вазири Маркус Зёдер ва ишбилармон доира вакиллари билан учрашди. Икки ва кўп томонлама ҳамкорлик бўйича кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди.
Муҳокамалар натижасида умумий қиймати 4 млрд. евродан ортиқ бўлган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.
- 24-26 март-кунлари Ш.М.Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи бўлиб ўтди.
Ташриф чоғида савдо-иқтисодий, сармоявий, энергетика, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа соҳалардаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, қиймати 10 млрд. доллардан зиёд икки томонлама ҳужжатлар ва инвестицион келишувлар имзоланди.
- 14-15 апрель кунлари Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи бўлиб ўтди. Ушбу ташриф доирасида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича 9 та ҳужжат имзоланди;
- 18-21 апрель кунлари Корея Республикаси Президенти Мун Чже Ин Ўзбекистонда давлат ташрифи билан бўлди.
Савдо-иқтисодий, сармоявий ва молиявий-техникавий соҳалардаги умумий қиймати 12 млрд. доллардан зиёд бўлган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланди.
- 24-27 апрель кунлари Президент Ш.М.Мирзиёев Пекин шаҳрида бўлиб ўтган «Бир макон, бир йўл» халқаро форумида иштирок этди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Хитой Халқ Республикаси Раиси, Беларус ва Тожикистон президентлари, Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори ва БМТ Бош котиби билан учрашувлар бўлиб ўтди.
- 27-29 май кунлари Германия Президенти Франк-Валтер Штайнмаернинг жавоб расмий ташрифи бўлиб ўтди. Унинг натижаларига кўра, икки томонлама ҳужжатлар пакети имзоланди, янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди, жумладан, молиявий ва техник ёрдам кўрсатиш доирасида қиймати 123,8 млн. евролик шартномалар имзоланди;
- 31 май – 2 июнь кунлари Европа Кенгаши раиси Доналд Туск Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Европа Иттифоқи Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фондига 5 млн. евро ажратишини маълум қилди. Европа томони қуйидаги соҳалардаги лойиҳаларга молиявий-техникавий ёрдам кўрсатади: буджетни қўллаб-қувватлаш (40 млн. евро), Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш (5 млн. евро), қишлоқ ҳудудларида бандликни ошириш (5 млн. евро), Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази негизида афғон талабаларини тайёрлаш (2 млн. евро) ва бошқалар.
Умуман, юқорида айтиб ўтилган олий даражадаги тадбирлар доирасида 58 та икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.
Ўтган вақт мобайнида Республика раҳбарияти томонидан АҚШ, Япония, Хитой, Россиядан ҳамда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ва БМТ каби халқаро ташкилотлардан юқори даражадаги делегациялар қабул қилинди.
15 дан ортиқ давлат ва халқаро тузилмалар раҳбарлари билан юқори даражадаги музокаралар ўтказилди.
Бундан ташқари, ҳукумат, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари даражасида 70 дан ортиқ ташрифлар амалга оширилди.
II. Асосий глобал ва минтақавий давлатлар билан ҳамкорлик фаол ривожланмоқда.
«Ҳиндистон – Марказий Осиё» форматида ҳамкорликнинг янги механизми ишга туширилди. «Ҳиндистон – Марказий Осиё» мулоқотининг Афғонистон иштирокидаги вазирлар даражасидаги биринчи йиғилиши 2019 йил 13 январь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди.
19-20 февраль кунлари Тошкент шаҳрида «Марказий Осиёда ўзаро муштараклик: таҳдидлар ва янги имкониятлар» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Конференцияда дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатларидан 130 дан зиёд олимлар, сиёсатшунослар, экспертлар ва давлат идоралари вакиллари иштирок этдилар.
15 март куни Тошкент шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари бош вазир ўринбосарлари иштирокида Марказий Осиё иқтисодий форуми бўлиб ўтди.
Форумда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлат идоралари ва ишбилармон доираларининг 200 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.
17-19 май кунлари Тошкент шаҳрида В Москва Давлат халқаро муносабатлари институти (МГИМО) битирувчилари Форуми бўлиб ўтди.
Ўтган давр мобайнида дунёнинг муҳим мамлакатлари билан муносабатлар икки томонлама манфаатдорлик ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ривожланишда давом этди.
Россия Федерацияси билан муносабатлар стратегик шериклик ва иттифоқчилик асосида жадал ривожланмоқда.
Хитой, АҚШ, Ҳиндистон, Покистон, Япония, Европа Иттифоқининг барча давлатлари, шунингдек, Осиё ва Тинч океани минтақаси, Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатлари билан алоқалар изчил ривожланмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти каби халқаро ташкилотлар билан конструктив ҳамкорлик ривожланмоқда.
III. Мамлакат иқтисодиётига чет эл инвестицияларини жалб қилиш, экспорт ҳажмини ва хорижий сайёҳлар оқимини оширишга Ташқи ишлар вазирлиги алоҳида эътибор қаратмоқда.
2018 йилнинг ноябридан жорий йилнинг июнь ойигача бўлган давр мобайнида Ўзбекистоннинг чел элдаги элчихоналари томонидан қишлоқ хўжалиги, саноат, коммунал хизматлар, қурилиш, тиббиёт, фармацевтика, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда амалга оширилиши кўзда тутилган 5,25 млрд. долларлик 244 та инвестицион лойиҳалар ишлаб чиқилди.
Ўзбек товарларини ташқи бозорларга экспорт қилиш ва мамлакатга хорижий сайёҳларни жалб қилиш учун кўплаб ишлар олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 5 ойи давомида дипломатик ваколатхоналаримиз жойлашган мамлакатларга ўзбек маҳсулотларининг экспорти 30,6 фоизга ошди ва 3 млрд. 504,6 млн. долларни ташкил этди. Сайёҳлар сони эса жорий йилнинг биринчи чораги мобайнида 42 фоизга ошиб, 1,3 млн. кишини ташкил этди.
Эътиборингиз учун ташаккур.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги