9 июнь куни тонгда профессионал боксчимиз Исроил Мадримов ўзининг профессионал рингдаги учинчи жангини ўтказди.
Нью-Йоркдаги муҳташам “Мэдисон Сквер Гарден” аренасида бўлиб ўтган ва 10 раундга мўлжалланган жангда ҳамюртимиз мексикалик Норберто Гонсалес билан куч синашди.
Жангда тўлиқ ташаббусга эришган ҳамюртимиз рақибини 6-раунддаёқ нокаутга учратди. Шуни таъкидлаш керак, бу Исроилнинг профессионал боксдаги учинчи жанги эди ва эътиборлиси у ҳар уччала жангида ҳам ғалаба қозонди. Бу билан Мадримов ўзига тегишли бўлган WBA Intercontinental чемпионлик камарини ҳам ҳимоя қилди.
Норберто Гонсалес учун бу жанг профессионал боксдаги 36-жанг ўтказиб, у шу жангларнинг 23тасида ғалаба қозонган (13 та нокаут). Бугун Гонсалес ўз фаолиятидаги 13-мағлубиятни қабул қилиб олди (3 таси нокаут).
Манба: ЎзА