Оғир атлетикачимиз Акбар Жўраев ҳам жаҳон чемпионатида 3 та олтин медални қўлга киритди
Фижи давлатининг Сува шаҳрида оғир атлетика бўйича 20 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионати давом этмоқда.
2 июнь куни ўтказилган 67 кг гача бўлган эркаклар ўртасидаги баҳсларда юртдошимиз Адҳамжон Эргашев 3 та олтин медални қўлга киритгани ҳақида хабар берган эдик.
Бугун, 7 июнь куни – 109 кг вазн тоифасида ўтказилган баҳсларда иштирок этган ёш умидли атлетимиз Акбар Жўраев ҳам 3 та олтин медални қўлга киритди.
Даст кўтариш машқида 182 кг натижа қайд этган Акбар ўзининг энг яқин таъқибчиларини 7 килограммга ортда қолдира олди. Силтаб кўтаришда энг яхши натижа қайд этган атлетимиз иккинчи уринишдаёқ 216 кг тошни ўзига бўйсундира олди. Икки кураш якунлари бўйича 398 кг натижа қайд этган юртдошимиз ушбу вазн тоифасида мутлақ ғолибликни қўлга киритди.
Эркаклар, -109 кг.:
1. Акбар Жўраев (Ўзбекистон) – 398 кг (182 кг + 216 кг)
2. Сангун Ҳванг (Корея) – 384 кг (174 кг + 210 кг)
3. Данил Вагаитсев (Россия) – 381 кг (175 кг + 206 кг)
Энг муҳими Акбар Жўраев Токио Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритиш учун қимматли рейтинг балларини жамғаришга муваффақ бўлди. Шундай қилиб ушбу мусобақага икки нафар спортчи билан ташриф буюрган Ўзбекистон терма жамоаси 100 фоизлик натижани қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, Акбар Жўраев 2018 йилнинг 1-10 ноябрь кунлари Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган оғир атлетика бўйича Жаҳон чемпионатида 102 килограммгача вазн тоифасида даст кўтаришда жаҳон рекордини янгилаб, олтин медаль билан тақдирланган. Чемпионатда ёш атлет икки курашда ёшлар ўртасида жаҳон рекордини янгилаган. Шунингдек, Акбар Жўраев 2018 йил баҳорида ёшлар ўртасида Осиё чемпиони унвонига сазовор бўлиб, ёзда ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати кумуш медалини қўлга киритган эди. 2018 йилнинг декабрь ойида Дохада ўтказилган Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма олиш учун рейтинг балларини тўплаш имконини берувчи нуфузли халқаро мусобақада учта медаль эгасига айланган эди.
Юқоридаги натижалари учун Акбар Жўраев Ўзбекистонда 2018 йилнинг энг яхши спортчиси деб топилган эди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги