Мамлакатимизнинг Киевдаги элчихонаси кўмагида ўзбек мева ва сабзавот маҳсулотларини Украинага экспорт қилиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, украиналик тадбиркорлар билан мева ва сабзавотлар, қуруқ мева ҳамда тайёр тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича умумий қиймати 3 миллион долларга тенг бўлган шартномалар имзоланди.
Эришилган келишувлар самарасида Украинанинг Лвов шаҳрида жойлашган ва мамлакатнинг энг йирик савдо мажмуаларидан бири ҳисобланган «Шувар» мева ва сабзавот бозорида ўзбек маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилди.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг дастлабки тўрт ойи натижаларига кўра, Ўзбекистон ва Украина ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 130 миллион долларни (2018 йилнинг шу даврига нисбатан 102,4 фоиз) ташкил этди. Украинага қилинаётган экспорт ҳажми 11 миллион долларга (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 126 фоиз) ўсган, ушбу мамлакатдан импорт қилинган маҳсулотлар эса 7 фоизга камайган ва 85,6 миллион долларга тенг бўлган.
Украинага маҳсулотлар етказиб бериш ҳажмида анъанавий экспорт номенклатураси билан бир қаторда мамлакатимиз фермерлари етиштираётган мева ва сабзавотларнинг ўрни ҳам кенгаймоқда.
Бугунги кунда Украинанинг Киев, Днепропетровск ва Харков шаҳарларида ҳам ўзбек маҳсулотлари сотиладиган янги савдо майдонларини ташкил этиш бўйича фаол музокаралар олиб борилмоқда.
«Дунё» АА,
Киев
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги