2019 йил 4-7 июнь кунлари пойтахтимиз Тошкентда Темир йўл Ҳамкорлик ташкилоти Вазирлар кенгашининг 47-сессияси бўлиб ўтади.
Унда халқаро ташкилотга аъзо бўлган 27та давлат,чунончи Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Россия, Польша, Чехия, Словакия, Венгрия, Руминия, Болгария, Украина, Молдова, Беларусь, Литва, Латвия, Эстония, Грузия, Озарбайжон, Эрон, Афғонистон, Мўғулистон, Хитой,Вьетнам, КХДР, Жанубий Кореянинг транспорт вазирлари ҳамда темир йўл раҳбарлари иштирок этади.
Шунингдек, тадбирда Халқаро темир йўл ташиш ҳукуматлараро ташкилоти, Халқаро транспорт федерацияси, Халқаро темир йўл транспорти қўмитаси, БМТнинг Европа иқтисодий комиссиясининг ички транспорт қўмитаси каби қатор нуфузли халқаро ташкилот вакиллари ҳам қатнашади.
Халқаро анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – Транспорт вазири Ачилбой Раматов иштирок этади ва нутқ сўзлайди.
Сессияда йиғилиш иштирокчиларига Темир йўл Ҳамкорлик ташкилотининг 2018 йилги фаолияти, ташкилот комиссиясининг транспорт сиёсати ва ривожланиш стратегияси бўйича олиб борилган ишлар хусусида маълумотлар тақдим этилади. Қолаверса, 2020 йилга белгиланган лойиҳалар режаси ҳам ишлаб чиқилади.
Шунингдек, 3 кун давомида давлатлараро ташувларнинг ҳозирги ҳолати, ҳамкорликда йирик лойиҳаларни амалга ошириш, соҳага янги инновацион технологияларни жалб қилиш, янги транзит йўлакларни жорий этиш, тариф сиёсати йўналишларида музокаралар олиб борилади.
Эътиборлиси, анжуманда Темир йўл Ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида транспорт вазирлари ва темир йўл раҳбарларининг расмий учрашувлари ҳам бўлиб ўтади.
Маълумот учун: Темир йўл Ҳамкорлик ташкилоти 1956 йилда ташкил этилган бўлиб, унга 29та давлат аъзо ҳисобланади. Темир йўл Хамкорлик ташкилоти Вазирлар кенгашининг I сессияси 1956 йил Болгария пойтахти София шаҳрида бўлиб ўтган. 2018 йилда ўтказилган Вазирлар кенгаши сессиясига Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳри мезбонлик қилган.
Манба: ЎзА