Президент Халқ қабулхоналарига жорий йилнинг биринчи чорагида тадбиркорлардан ер ажратиш, газ, электр ва сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, кредит, солиқ каби масалаларга 16 мингта мурожаат тушган. Икки мингга яқин мурожаатда мансабдорларнинг ҳатти-ҳаракатларидан норозилик билдирилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 27 май куни тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ишга тушириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда бу алоҳида таъкидланди.
Тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларини ўз жойида ҳал этишга қаратилаётган алоҳида эътибор бугун ўз самарасини бераётир. Бу борада жойларда ташкил этилган қабулхоналар, мутасаддилар иштирокида ўтказилаётган сайёр қабуллар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳам тадбиркорлик соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган муҳим ҳужжат бўлди. Унга кўра Республикамизнинг ҳар бир тумани (шаҳар)да Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилиши белгиланди.
Тадбиркорларнинг, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этиш сифати ва тезкорлигини ошириш, улар билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлаш, қонуний талабларини амалий ва самарали рўёбга чиқариш, муаммоли масалаларни жойида ҳал этиш, худудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшиш, аҳоли бандлигини таъминлаш каби муҳим масалаларни ҳам қамраб олган фармон ижроси бошланди.
Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ҳамда Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти ташкил этилиб, улар фаолиятининг асосий йуналишлари белгилаб берилди. Бу борада махсус ишчи гуруҳи шакллантирилди. Улар 10 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.
Адлия вазири Р.Давлетов раҳбарлигида ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг 1- ва 2-июнь кунлари фармоннинг мазмун-моҳиятини жойларда кенг тушунтириш бўйича Бухоро вилоятининг Когон, Қоракўл, Пешку ва Fиждувон туманларида учрашувлар ташкил этилмоқда.
Когон туманида ўтказилган учрашувда тадбиркорлик субъектлари ва чет эл инвесторларидан кўплаб мурожаатлар келиб тушди. Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга ер участкаси ва кредит ажратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, бузилган иморатларга нисбатан компенсация тўловларини ундириш ҳамда божхона ва солиқ тўловлари билан боғлиқ масалалар кўтарилди.
Мурожаатларни кўриб чиқиш давомида вазирликлар, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари ва тижорат банкларининг фаолиятига бевосита тааллуқли бўлган айрим муаммолар жойида ҳал этилди. Шунингдек, жойида ҳал этиш имконияти бўлмаган муаммо ва камчиликларни туман (шаҳар) ва вилоят даражасида ҳал қилиш юзасидан қисқа ва ўрта муддатли тадбирлар режалари шакллантирилиб, мутасадди вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.
Республика ишчи гуруҳи аъзолари томонидан тадбиркорлик субъектларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб берилди.
Бундай учрашувлар Республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилади.
Алоуддин ҒАФФОРОВ
Манба: ЎзА