Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Электрон ҳукумат ривожланишидаги замонавий тенденциялар: интеграллашган хизматлар, очиқ маълумотлар, электрон иштирок ва рақамли технологиялар” мавзусидаги халқаро семинар тўғрисида
2019-05-31 | Технологиялар
2019 йилнинг 30 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Электрон ҳукуматни ривожлантириш соҳасида Остона давлат хизмати хаби амалиётчилар Альянси билан ҳамкорликда “Электрон ҳукумат ривожланишидаги замонавий тенденциялар: интеграллашган хизматлар, очиқ маълумотлар, электрон иштирок ва рақамли технологиялар” мавзусидаги халқаро семинар бўлиб ўтди.
Семинарда электрон ҳукумат соҳасида етакчи бўлган Франция, Эстония, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон давлатларининг етакчи экспертлари ҳамда Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат хизматлари агентлиги экспертлари, республикамиздаги олий таълим муассасалари мутахассислари, илмий ходимлар, Академия профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари иштирок этишди.
Ушбу семинар электрон ҳукумат соҳасида амалга оширилаётган энг зўр инновацион ва амалий ечимлар билан қатнашувчиларни таништириш, тажриба алмашиш, ҳалқаро тажрибани ўрганиш ва қўллашда юзага келадиган саволларни муҳокама қилиш ҳамда давлат хизматларини ривожлантиришда инновацион технологиялардан самарали фойдаланиш мақсадида ташкил этилган.
Ҳозирда бутун дунёда электрон ҳукуматни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда ва тажрибалар тўпланмоқда. Давлатлар орқасида тажриба алмашиш мақсадида “peer to peer” (Р2Р) тамойили орқали ўзаро алоқани йўлга қўйиш орқали электрон ҳукумат концепциясини таомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга. Бу ўз навбатида электрон ҳукумат соҳасида қарор қабул қилишда хатоликларни олдини олишга ҳамда янги йўналишлар ва энг зўр амалий ечимларга қўллашга имкон беради.
Ушбу семинар жаҳон амалиёти ва Альянснинг иштирокчи давлатларида электрон ҳукумат моделларидаги энг зўр амалий ечимлар, ютуқлар ва ривожланиш жараёнларини тизимлаштириш, электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича тажриба алмашишга ва жорий муаммоларни муҳокама қилиш учун халқаро майдон вазифасини ўтайди.
Семинар иштирокчилари қуйидаги долзарб масалалар бўйича фикр алмашдилар: электрон ҳукумат соҳасидаги глобал трендлар, қўлланиши бўйича экспертлар баҳоси, экспертлар тармоғини яратиш, Альянс доирасида “peer to peer” тамойил бўйича ўқитиш ва ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш.
Шунингдек, семинарда Альянс-II нинг 2019 йилги ҳаракат Режаси билан бирга, унинг 2019-2020 йилларда тадқиқот олиб бориш мавзулари (case-studies) муҳокама қилинди.
Бугун семинар иштирокчилари жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилаётган давлат хизматлари билан танишиш мақсадида Давлат хизматлари агентлигига ташриф буюришди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси