Ўзбекистонда UNWTOнинг Европа минтақавий комиссиясининг 65-йиғилишини ўтказиш юзасидан ташкилий масалалар муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 27-30 май кунлари Хорватия Республикаси пойтахти Загреб шаҳрида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти - UNWTOнинг Европа бўйича минтақавий комиссиясининг 64-йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Кеча Ўзбекистон делегацияси раҳбари Абдулазиз Аққулов Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти – UNWTO бош котиби Зураб Пололикашвили билан расмий учрашув ўтказди.
Учрашувда томонлар бир нечта масалаларни кўриб чиқишди. Жумладан, Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилотининг Европа бўйича минтақавий комиссиясининг 64-йиғилиши якунига кўра навбатдаги йиғилишни қадим ва навқирон Самарқанд шаҳрида ўтказиш юзасидан билдирилган таклифни бир овоздан мақуллангани ҳамда ушбу жараёнга кўриладиган тайёргарлик ишлари масалалари муҳокама қилди.
Аниқроқ қилиб айтганда, мазкур ташкилотнинг Европа минтақавий комиссиясининг 2020-йилдаги 65-юбилейи йиғилишининг ўтказилиш саналари ва ташкилий масалалар билан боғлиқ жараёнлар ҳақида фикр алмашиб олинди.
Шу билан бирга, вакилларимиз томонидан келгусида UNWTO томонидан ўтказиладиган тадбирларни нафақат Европа Комиссияси доирасида, балки умуман UNWTOнинг иш режасидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистонда ўтказиш билан боғлиқ ҳар қандай масалаларни кўриб чиқишга тайёрлигини билдирилди.
Ўз навбатида, UNWTO бош котиби Зураб Пололикашвили томонидан дунё бўйлаб гастрономик туризмни ривожлантиришга доир лойиҳаларда Ўзбекистон ҳам фаол иштирок этишилозимлиги юзасидан таклиф билдирилди. Ушбу таклиф делегация аъзолари томонидан мамнуният билан қабул қилинди ҳамда батафсил ўрганиб чиқилиши билдирилди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистоннинг туристик жозибадорлиги ҳамда мамлакатда мавжуд барча туристик йўналишлар бўйича маълумотларга бой тақдимот Европа Комиссиясининг иштирокчиларида жуда катта қизиқиш уйғотиб, делегация раҳбари томонидан илгари сурилган таклиф, яъни UNWTOнинг Европа минтақавий комиссиясининг 65-юбилей йиғилишини Ўзбекистонда ўтказиш масаласи бир овоздан мақулланган эди.
Тақдимотдан сўнг жаноб Зураб Пололикашвили томонидан дунёга тобора эшикларини очиб бораётган Ўзбекистон ҳамда давлат раҳбаримизнинг олиб бораётган оқилона сиёсатлари ҳақида илиқ самимий фикрлар билдириб ўтилди.
Зураб Пололикашвили Ўзбекистон UNWTOнинг www.e-unwto.org/ - орқали “Elibrary” (электрон кутубхона)га аъзо бўлиши жараёнлари ўз якунига етаётгани ва бу аъзолик орқали кейинчалик ўзбекистонлик ходимлар ҳам бемалол UNWTO ташкилотининг маълумотлар базасидан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши мумкин. Бу эса ўз навбатида ўзаро ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилишини қайд этиб ўтилди.
Маълумот учун: Ушбу электрон кутубхона - UNWTOнинг сайёҳлик ва унга алоқадор соҳаларни қамраб олувчи онлайн хизматидир. Ягона ёки тармоқ орқали (кўпчилик) фойдаланиш ҳуқуқи вазирликлар, парламент, миллий туризм ташкилоти ёки миллий статистика бошқармаси каби давлат муассасаларига берилиши мумкин.
Учрашув сўнгида Ўзбекистон томони Халқаро ташкилотни Марказий Осиёда ягона ҳисобланадиган Буюк ипак йўли универститети билан ҳамкорликка чорлади ва UNWTOнинг таълим соҳасидаги лойиҳаларида фаол иштирок этишга тайёрлиги юзасидан фикрлар билдириб ўтди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги