Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2019 йилнинг биринчи чорак якунлари бўйича фаолияти ҳамда “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг ижро этилиши юзасидан ҳисоботи эшитилди.
Қайд этилганидек, жорий йил биринчи чораги ва апрель ойида аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш бўйича давлат буюртмаси асосида республика саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш ҳамда инфратузилма соҳаларидаги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш, хусусий бизнес ривожланиши ҳисобига жами 40,5 мингта иш ўрни ташкил этилгани маълум қилинди. Йиғилишда иш ўринларини ташкил этишда ишсизлик даражаси нисбатан юқори бўлган Қашқадарё, Тошкент, Самарқанд, Наманган, Фарғона вилоятларига алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан илгари сурилган “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Yoshlar – kelajagimiz”, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари асосида 13500 дан ортиқ аҳолининг бандлиги таъминлангани оилалар фаровонлигига хизмат қилиши шубҳасиз.
Меҳнат органларига иш сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг 62 мингга яқини иш билан таъминланган. Йиғилишда сўнгги йилларда жамоат ишлари жамғармасининг маблағлари ҳисобига фуқаролар бандлиги таъминланаётгани, жумладан, биринчи чоракда 37 миллиард сўм маблағ жалб этилиши ҳисобига 49 минг ишсиз фуқаро ҳақ тўланадиган вақтинчалик ишларга жалб этилган.
Йиғилишда жамоат ишлари жамғармасининг маблағлари тўлиқ ўзлаштирилмагани айтилди.
Парламент аъзолари оғир турмуш шароитида яшаётган аёллар, айниқса, ёш хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича тасдиқланган манзилли дастур ижросига алоҳида эътибор қаратдилар. Мазкур дастур асосида 2,5 минг шу тоифадаги хотин-қизларнинг иш билан таъминлангани ҳаққонийлигига масъулларнинг эътиборини қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Вазирлик ҳисоботида хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга тижорат банклари, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари жалб этилиши натижасида 1,5 минг аёл тадбиркорлик фаолиятини бошлагани қайд этилди. Бу мақсадларга 31,4 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилган.
Ҳисобот таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, давлат ва тармоқ дастурларида белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши натижасида иш билан банд аҳоли сони 104 минг кишига ортиб, 13 миллион 377 мингга етган. Ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳолига нисбатан 9,4 фоизни ташкил этмоқда.
Вазир ўз ҳисоботида 2018 йилда парламентимиз томонидан қабул қилинган “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонуннинг ижроси юзасидан ахборот берди.
Хусусий бандлик агентликлари институтининг жорий этилиши муносабати билан амалда бандлик соҳасида янги механизмларни ишлаб чиқишга имкон яратилгани, мазкур қонун қабул қилингандан кейин амалдаги қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани, хорижга ишга чиқувчи фуқароларга бир қатор енгилликлар яратилгани таъкидланди. Бугунги кунда 78 юридик шахс Хусусий бандлик агентлиги сифатида реестрда рўйхатдан ўтган бўлиб, уларнинг 58 таси Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланишга лицензия олган.
Давлат дастурида белгиланган бандлик соҳасидаги вазифалар барча ҳудудларда ҳам тўлиқ бажарилган, деб бўлмайди. Бу борада айрим ҳудудларда мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани қайд этилиб, йўл қўйилган камчиликлар қизғин муҳокама қилинди.
Эшитув ва муҳокамалар якуни бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА
Манба: ЎзА