Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон фуқароларининг Руминияда вақтинчалик меҳнат фаолиятларини амалга ошириш масалалари муҳокама этилди
2019-05-21 | Жамият
2019 йил 20 май Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Руминиянинг “Golden Logistics” ташкилоти бош директори Олег Шейнкер билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон фуқароларининг Руминияда вақтинчалик меҳнат фаолиятларини амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.
Учрашувда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов бошчилигидаги вазирлик масъуллари ҳамда Ўзбекистоннинг 30 га яқин хусусий бандлик агентликлари вакиллари иштирок этди.
“Golden Logistics” ташкилоти Руминия ҳудудида, асосан, Бухарест шаҳрида олиб борилаётган қурилиш ишларига малакали мутахассисларни жалб қилиш мақсадида 2019 йил Ўзбекистон меҳнат бозорига киришни режалаштирган. Шунга мувофиқ, ташкилот томонидан тош терувчи, гипсокартон устаси, арматурачи, плитка ётқизувчи, маляр, электрик, тунукачи, сантехник сингари ўнга яқин касблар бўйича Ўзбекистондан мутахассислар жалб қилиш ва ўзаро манфаатли асосда ҳамкорлик олиб бориш кўзда тутилган.
Учрашувда ташкилот раҳбари Олег Шейнкер мазкур чора-тадбирларни юзага чиқаришда Ўзбекистон хусусий бандлик агентликлари (ХБА) билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш ва шу орқали меҳнат миграцияси бўйича икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаб бориш истиқболлари хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, учрашув давомида Руминияда вақтинчалик меҳнат фаолиятини ташкил этиш жараёнлари, меҳнат қилиш шарт-шароитлари ва талаблари ҳақида ҳам маълумот берилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон фуқароларини Руминияга ишга юбориш бўйича амалий чора-тадбирларга киришиш мақсадида “Golden Logistics” ташкилоти бош директори билан Ўзбекистон хусусий бандлик агентликлари вакиллари ўртасида якка тартибдаги суҳбатларни ташкиллаштиришга келишилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги