Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Словакия Ташқи ишлар вазири билан учрашув
2019-05-20 | Сиёсат
2019 йилнинг 20 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Тошкент шаҳрига расмий ташриф билан келган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) амалдаги раиси, Словакия Республикаси Ташқи ва Европа ишлари вазири Мирослав Лайчак билан учрашди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг ЕХҲТ билан ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Кун тартибидаги барча масалалар бўйича ЕХҲТ ва унинг институтлари билан янада фаол ҳамкорлик қилишдан томонлар манфаатдорлиги таъкидланди.
Сўнгги йилларда икки томонлама муносабатлар янгича тус олгани, қатор қўшма тадбирлар, жумладан “Марказий Осиё минтақасида очиқ журналистика" мавзусидаги Марказий Осиё 19-конференцияси, “Терроризм ва экстремизмга қарши курашишда ёшларнинг роли" мавзусидаги ЕХҲТ ташкилоти шафелигидаги халқаро конференция ўтказилгани қайд этилди.
Суҳбатда минтақавий хавфсизлик масалалари, жумладан Афғонистондаги ҳолат ҳам кўриб чиқилди.
Музокараларда ўтган ярим асрдан кўпроқ вақт мобайнида анъанавий тарзда конструктив ва ўзаро манфаатли аҳамият касб этиб келаётган Ўзбекистон - Словакия алоқаларининг ривожланиш масалалари муҳокамасига муҳим ўрин берилди.
Вазирлар “Ўзбекистон - Евроиттифоқ" шакли, “Вишеград гуруҳи - Марказий Осиё” мулоқоти ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришни қўллаб-қувватладилар.
Учрашувда Словакия Элчиси Ян Бори ва ЕХҲТ лойиҳалари Координатори Джон МакГрегор иштирок этдилар.
Музокаралардан сўнг Мирослав Лайчак томонидан Термиз шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қошидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш бўйича таълим маркази учун кўнгилли ёрдам сифатида 10 минг евро миқдоридаги чек топширилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги