Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Витамин” эмас “оғриқни қолдирувчи” инновацияларни яратиш лозим
2019-05-20 | Инновация
Стартап лойиҳаларнинг моҳияти, ёш олимларни ҳорижий илмий стажировкаларга юбориш масалаларини кенг ёритиш, Ўзбекистон инновацион экотизимининг бугунги босқичи ҳақидаги маълумотларни жамоатчиликка етказиш мақсадида жорий йилнинг 17 май куни Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан “Ўзбекистон инновацион экотизимининг ривожланишида стартап лойиҳалар ва ёш олимларнинг илмий стажировкалари тараққиёт омили сифатида” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда Инновацион ривожланиш вазирлиги вакиллари, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан берилган грантлар соҳиблари, ҳорижий илмий стажировкаларни ўтаган ёш олимлар, Ўзбекистондаги илк илмий лойиҳалар Акселератор - C.A.T. Science Accelerator иштирокчилари шунингдек “Яшнобод” инновацион технопарк резидентлари иштирок этди.
Инновацион ривожланиш вазири ўрнибосари Азимжон Назаровнинг таъкидлашича, бугунги кунда юртимизда самарали стартап-экотизимини яратиш алоҳида муҳим вазифалардан бири саналар экан стартап экотизимини акселераторлар ва инкубаторлар, бирламчи инвестициялар манбалари (seed money) ҳамда венчур жамғармалари каби махсус инфратузилмаларнинг фаолиятисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Стартаплар – инновацияларнинг муҳим манбаси, иқтисодиётнинг ривожланишига туртки бўлувчи куч ҳамдир. Улар илмий-техник тараққиётга йўл очади, шу билан бир қаторда янги маҳсулотлар, хизматлар ва технологияларни кундалик ҳаётимизга кириб келишини таъминлайди.
Айни кунларда Инновацион ривожланиш вазирлиги ўз харажатларини ўзи қоплаш асосида молиялаштириладиган СТАРТАП ЛОЙИҲАЛАР танловининг 2-турини эълон қилган. Мазкур лойиҳага ҳужжатлар жорий йилнинг 21 июнига қадар қабул қилинади. Стартап лойиҳаларнинг1-турида жами 17 лойиҳа муаллифларига сертификатлар топширилди ва уларни молиялаштириш ишлари бошланди.
Ўз навбатида, ёш олимларнинг қисқа муддатли илмий стажировкаларини ташкил этиш мақсадида 2018 йилда уч маротаба танлов ўтказилган. Танловларга вазирлик ва идоралар томонидан жами 317 нафар номзодлар ва улар тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилган. Махсус эксперт гуруҳининг хулосаларига мувофиқ 288 нафар номзодлар рад этилган. Ғолиб деб топилган 29 нафар ёш олимлар АҚШ, Хитой, Германия, Россия ва бошқа давлатлардаги етакчи илмий марказларга илмий стажировкаларга юборилган. Ушбу мақсад учун 174,1 минг АҚШ доллари йўналтирилган.
Бундан ташқари, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институтининг тўрт нафар ёш олимларининг Лейбниц ўтиш даври иқтисодиёти мамлакатларида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш (Германия) илмий-тадқиқот институтидаги ҳамда Халқаро молекуляр аллергология марказининг беш нафар ёш олимларининг Вена тиббиёт университети (Австрия)даги илмий стажировкалари молиялаштирилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказининг олти нафар ёш олимларини Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро марказига (ICBA БАА Дубай) илмий стажировкага юбориш билан боғлиқ харажатлар молиялаштирилди.
Жорий йилда ёш олимларнинг қисқа муддатли илмий стажировкаларини молиялаштиришга 1,5 млн. АҚШ доллари режалаштирилган бўлиб, 100 нафардан зиёд ёш олимларнинг қисқа муддатли илмий стажировкаларини молиялаштириш режалаштирилган.
2019 йилнинг биринчи чорагида вазирлик томонидан ёш олимларнинг етакчи хорижий илмий ташкилотлардаги қисқа муддатли илмий стажировкалари бўйича биринчи танлов ўтказилди. Танловга вазирлик ва идоралардан жами 116 нафар номзодлар ва улар тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилган.
Махсус эксперт гуруҳи (18.03.2019 й. 17-сон) 12 нафар ёш олимларга ижобий хулоса берган. Ёш олимларнинг қисқа муддатли илмий стажировкалари рўйхати Жамғарма Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган ва тузилган шартномаларга асосан молиялаштирилмоқда.
2019 йилнинг 15 апрелида ёш олимларни илмий стажировкалари бўйича навбатдаги 2-танлов тўғрисидаги эълон Вазирликнинг расмий веб сайтида жойлаштирилган. Танлов хужжатлари 2019 йилнинг 20 майига қадар қабул қилинади.
Бундан ташқари, Беларусь Республикасининг Минск шаҳридаги фан ва технологиялар ҳамкорлик бўйича илк “Беларусь – Ўзбекистон” қўшма мажлиси келишувларига асосан 11 турдаги йўналишлар бўйича мақсадли танлов эълон қилинган бўлиб, бугунги кунда вазирлик ва идоралар томонидан илмий стажировга ўташга тавсия қилинган номзодлар ва улар тўғрисидаги маълумотлар умумлаштирилмоқда.
Ўзбекистондаги илк илмий лойиҳалар Акселератори – C.A.T. Science Accelerator иштирокчилари мисолида ғоянинг стартап лойиҳагача бўлган жараёни кўрсатилди.
Инновацион ривожланиш вазирлигининг эксперти Одилжон Абдураззоқов Ўзбекистонда муваффақиятли стартап экотизими яратиш шартларини айтиб ўтар экан, “Витамин” эмас “оғриқни қолдирувчи” инновацияларни яратишга ташвиқ этиш лозимлигини таъкидлади. "Витамин" ҳарчанд фойдали бўлмасин, лекин аҳолининг жиддий оғриқли муаммоларини ҳал қилмаганлиги сабабли бозорда мувваффақиятга эришмайди. Буни Segway мисолида кўришимиз мумкин. "Оғриқни қолдирувчи" стартаплар эса кўп сонли инсонларнинг оғриқли муаммоларини ҳал қилганлиги учун бозорда катта талабга эга бўлади. Бунга эса Amazon компаниясинин мисол сифатида келтириш мумкин.
– Давлатнинг пулини олиб, ишлатиш осон, – деди стартаплар илмий-техник кенгашининг раиси, “Dekos” компаниясининг директори Ҳасан Мамасаидов. – Лойиҳанинг нақадар омадли бўлиши, тадбиркорнинг ўз маблағини сарфлашга тайёрлиги билан ҳам баҳоланади. Инновацион маҳсулот ишлаб чиқариш учун уйининг атрофини пишиқ ғишт билан ўраб олиш ёки қишлоқ хўжалиги ишларини амалга ошириш учун қиммат трактор харид қилиш учун маблағ сўраш ўринсиздир. Стартап лойиҳаларда ҳам худди ҳар қандай бизнесдек, имкон қадар кам пул сарфланиб, кўп даромад кўриш имкониятлари изланиши керак. Тадбиркор ўз ғояси билан “касал” бўлса, авваламбор лойиҳасини ривожлантириб, кейингина фойда олишни кўзласа, у бирон нимага эришади. Стартап лойиҳалар танловига ариза топширган аксарият ёшлар пулини олсам-у, кейин бирон ғоя ўйлаб топарман, деб катта хатога йўл қўйишади.
Савол-жавоблар сессиясига кўра ОТМ ларда ва ёшлар орасида Вазирлик томонидан эълон қилинган стартап лойиҳалар танловида фаол иштирок этиш, ҳақиқатда стартап лойиҳа шартларига жавоб берувчи ғояларни илгари суришни тарғибот қилиш лозимлиги маълум бўлди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги