Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Беларусь ҳамкорликдаги ҳарбий машғулотларнинг очилиш маросими бўлиб ўтди
2019-05-20 | Жамият
19 май куни Шарқий ҳарбий округ “Ғурумсарой” дала-ўқув майдонида жорий йилнинг 20 – 27 май кунлари ўтказиладиган “Жанговар ҳамдўстлик – 2019” шиори остидаги Ўзбекистон – Беларусь махсус бўлинмалари ўртасидаги ҳамкорликдаги машғулотларнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги офицерлари, Шарқий ҳарбий округи қўшинлари қўмондони полковник Лутфулло Бузруков, Поп тумани ҳокими, Ўзбекистон ва Беларусь мамлакатларининг ҳарбий хизматчилари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар республикаларимиз ўртасида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани ва айнан икки мамлакат қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари ҳамкорлигида ўтказилаётган махсус-тактик ўқув машғулотлари ана шу ишларнинг узвий давоми эканлигини таъкидлаб, иштирокчиларга муваффақиятлар тилашди.
– Ватанингизга илк бор келишим, бироқ Ўзбекистон Республикаси, унинг қадимий тарихи ва дунёга машҳур обидалари ҳамда меҳмондўст халқи ва бу ерда олиб борилаётган улкан ишлар ҳақида кўп эшитганман, – дейди Беларусь Республикаси вакили кичик сержант Павел Тюрин. – Серқуёш Ўзбекистонга келганимдан ҳурсандман. Бизни ўзбекона меҳмондўстлик билан самимий кутиб олишди. Шуни ишонч билан айта оламанки, “Жанговар ҳамдўстлик – 2019” махсус-тактик машғулотлари билим ва кўникмаларимизни ошириш учун аҳамиятлилиги билан бирга касбий маҳорат ва ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар билан тажриба алмашишимиз учун ҳам катта имкониятдир.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги