Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Генетика, геномика ва биотехнологияларнинг замонавий муаммолари муҳокама этилди
2019-05-17 | Фан
Жорий йилнинг 19 май куни ЎзР ФАнинг Геномика ва биоинформатика марказида “Генетика, геномика ва биотехнологияларнинг замонавий муаммолари” мавзусидаги IV Республика илмий-техник конференцияси бўлиб ўтди. Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиянинг илмий-тадқиқот институтлари, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, шунингдек турли олий ўқув муассасаларининг вакилларидан иборат 100 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди.
Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Шароф Ражаббоев конференция иштирокчиларига муваффақиятлар тилаб, тадбирни очиб берди. Ш. Ражаббоев илм-фан ривожи ва унинг таълим билан интеграциясида ҳамда республикамиз олимлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда мана шундай тадбирларнинг алоҳида аҳамияти ҳақида сўзлади. У шунингдек ҳукуматимиз илм-фанни ҳар томонлама қўллаб қувватлаётгани ва тадқиқотлар натижаларининг тижоратлаштириш учун имкониятлар кенгаяётганини таъкидлади.
Конференцияда турли қишлоқ хўжалиги экинларининг геномика ва генетика, микробиология ва ветеринария соҳалари бўйича кенг миқёсдаги масалалар муҳокама қилинди. Бундан ташқари конференцияда амалий биотехнология олдида турган вазифалар кўриб чиқилди. Ўсимликлар ва микроорганизмлар геномикаси, биоинформатикаси ва биотехнологияси соҳасида эришилган натижалар ва юзага келган муаммолар, қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошишига ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган янги инновацион биотехнологияларни яратиш ва жорий этиш истиқболлари муҳокамага қўйилди.
АҚШ Қишлоқ хўжалиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги миллий институтининг Озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги ва микробиология миллий дастури раҳбари, фан доктори Макс Теплицкийнинг конференцияда нутқи иштирокчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Таъкидлаш жоизки, республикамизнинг қатор олий таълим муассасалари вакиллари ҳам конференцияда фаол иштирок этдилар. Шунингдек, ёш тадқиқотчилар ва мутахассисларнинг кўплиги ҳам алоҳида қайд этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги