Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Эзгу ишларнинг давоми
2019-05-10 | Жамият
Ўтганларнинг азиз хотирасини ёд этиш, уларга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос эзгу фазилатлардан ҳисобланади. Айниқса, юртимизда қутлуғ Рамазон ойи файзу таровати кезиб юрган айни кунларда адо этилган бундай эзгу амаллар ўзгача аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Ватан олдидаги бурчини адо этиш чоғида юртимиз озодлиги, халқимизнинг бугунги тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш йўлида ҳалок бўлган мард ва жасур ўғлонларимизнинг азиз хотирасига эҳтиром кўрсатиш биз учун ҳам фарз, ҳам қарздир”.
Бугун Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси қошида “Хотира монументи”нинг очилиши ҳам ушбу эзгу ишларнинг давомидир.
“Хотира монументи”да ички ишлар тизимида самарали хизмат қилиб, жиноятчиларни қўлга олиш, зарарсизлантириш ҳамда хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган 15 нафар фидойи ходимлар сиймоси акс эттирилган. Ватанимизнинг бу жасур ва матонатли фарзандлари эл-юрт осойишталигини асраш йўлида ўзларининг азиз жонларини ҳам аямаганлар. Уларнинг жасорати тизимда хизмат қилаётган ҳар бир ходим учун ибрат намунаси, асл фидойилик мактабидир.
Уларнинг айримлари ҳақида қисқагина тўхталиб ўтсак. Китоб тумани ички ишлар бўлими профилактика инспектори, капитан Абдирашит Назаров. У 1992 йилнинг 26 март куни Китоб тумани ҳудудида ўтказилган “Тун” тадбирида икки нафар ўта хавфли жиноятчини қўлга олиш вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган. Абдирашид Назаров Ўзбекистон Республикаси ПрезидентиФармонига асосан II даражали “Шон-шараф” ордени билан тақдирланган.
Яна бири Шаҳрисабз тумани ички ишлар бўлими қўриқлаш бўлими ходими, сержант Абдуҳалим Тошқулов. У 2000 йилнинг 6 август куни Сурхондарё вилоятининг тоғли туманларида террорчиларга қарши ўтказилган жанговар ҳаракатлар вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ва Президент Фармонига асосан “Жасорат” медали билан мукофотланган.
Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимида бир неча йил самарали меҳнат қилган марҳум устозимиз, полковник Абдукарим Юлбарисовнинг номи кўпчиликка яхши таниш. У 2003 йилнинг 9 апрель куни Чироқчи туманида қуролланган жиноятчини қўлга олиш бўйича ўтказилган тадбирда мардларча ҳалок бўлган. Вафотидан сўнг Ватанимизнинг юксак мукофоти – II даражали “Шон-шараф” ордени билан тақдирланган.
Бу мажмуада нурли сиймолари акс эттирилган ўн беш мард ўғлоннинг ҳар бири кўрсатган жасорати ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Буларнинг номлари ва кўрсатган жасоратлари ҳақида ўтган йил пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган “Мард ўғлонлар номи барҳаёт” китобига киритилган. Қайд этиш керакки, бу китобни мутолаа қилган ҳар бир киши ҳақиқий жасорат қандай бўлишини теран англаб етади, Ватаннинг асл ўғлонлари хотирасига чин юракдан эҳтиром кўрсатиш бурчи эканлигини ҳис этади.
“Ватан учун жон фидо қилди”, бу асло баландпарвоз гап эмас. Бу жумлани шунчаки айтиб бўлмайди. Чунки жон фидо қилиш–бу унча-бунча иш эмас. Жон кимга ҳам ширин эмас ахир? Лекин, шу ширин жонни эл-юрт осойишталиги ва тараққиёти йўлига фидо этиш, ҳаётини Она-Ватани камоли учун бахш этиш – ҳақиқий эркакнинг, мард ва фидойи инсоннинг ишидир. Бундай инсонларни халқимиз ҳеч қачон унутмайди. Уларнинг азиз сиймолари, порлоқ хотиралари ҳамиша қалбимизда яшайди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги