Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Самарқанд шаҳрида “Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг филиалини ташкил этиш тўғрисида

2019-05-09 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, 2018-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникациявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича келишувларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети” федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг (кейинги ўринларда – Университет) Самарқанд шаҳрида “Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети” федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг филиалини(кейинги ўринларда – Филиал) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Филиал фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

олий таълим сифатига қўйиладиган халқаро талабларга мувофиқ жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш соҳасидаги вазифаларни юқори даражада бажаришга қодир малакали кадрлар тайёрлашни таъминлаш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида талабаларнинг чуқурлаштирилган мустақил тайёргарлигини ҳисобга олган ҳолда назарий ва амалий машғулотларни уйғунлаштириш;

олий таълим тизимига замонавий таълим технологияларига асосланган ўқув жараёнларини жорий қилиш бўйича илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш, жисмоний тарбия ва спорт соҳаси учун кадрлар тайёрлаш тизими ҳамда очиқ ахборот-таълим муҳитини ривожлантиришга кўмаклашиш;

назарий билимлар ва амалий кўникмаларнинг ўзаро боғлиқлиги, илмий-тадқиқот муассасалари ва бошқа ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорлик асосида жисмоний тарбия ва спорт соҳаси кадрларининг профессионал тайёргарлигини ошириш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш;

хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

Филиал Университетнинг алоҳида таркибий бўлинмаси ҳамда кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан келишилган таълимнинг асосий йўналишлари (мутахассисликлар) бўйича барча даражадаги мутахассисларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, шу жумладан, илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширувчи олий таълим муассасаси ҳисобланади;

Филиалда таълим Россия Федерацияси федерал таълим стандартларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Университет томонидан тасдиқланадиган ўқув режа ва таълим дастурлари асосида рус тилида амалга оширилади;

абитуриентлар қабули ва Филиал битирувчиларини аттестациядан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Университет томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;

Филиал битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Университетнинг белгиланган намунадаги дипломи берилади.

4. Университет:

таълим жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологиялари, илм-фан ҳамда олий таълимнинг энг янги ютуқлари жорий қилиниши;

Филиал мутахассислари ва профессор-ўқитувчилари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш;

Филиалнинг кутубхона фондини шакллантириш, замонавий ўқув, ўқув-методик ва илмий адабиётлар билан бойитишда кўмаклашиши маълумот учун қабул қилинсин.

5. Белгилансинки:

а) Филиал Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Университет билан келишган ҳолда манфаатдор вазирлик, идора ва бошқа ташкилотларнинг тегишли кадрларга бўлган реал эҳтиёжидан келиб чиқиб, 2019/2020 ўқув йили ва кейинги йиллар учун талабаларни қабул қилиш квоталари ҳамда тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати миқдорларини белгилайди;

б) Филиал фаолиятини молиялаштириш:

талабаларни давлат грантлари бўйича ўқитиш учун Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, бироқ Филиалга ўқишга қабул қилинадиган талабалар умумий сонининг 30 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда;

талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро (хорижий) молия институтлари ва ташкилотларининг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

в) ўқитувчилар малакасини ошириш, шунингдек, Филиални зарур мебель, инвентарь, компьютер, ташкилий техника ва спорт инвентарлари билан таъминлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Филиалнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

г) Филиалда фаолият юритиш учун Университетдан жалб қилинадиган профессор-ўқитувчиларнинг:

30 кунгача бўлган қисқа муддатли хизмат сафарлари харажатларига олий таълим муассасалари ходимлари учун Россия Федерацияси қонунчилигида белгиланган нормалар бўйича;

узоқ муддатли хизмат сафарлари харажатларига тузилган шартномалар асосида ўқув жараёни эҳтиёжларидан келиб чиқиб ҳақ тўланади.

6. Қуйидагилар:

Самарқанд шаҳар, Уста Умар Жўрақулов кўчаси, 15-уй манзилида жойлашган Самарқанд ижтимоий-иқтисодий касб-ҳунар коллежи бино, иншоотлари ва унга туташ ҳудуд Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиалига;

Самарқанд шаҳар, Ибн Сино кўчаси, 17а-уй манзилида жойлашган Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиали бино, иншоотлари ҳамда унга туташ ҳудуд Самарқанд вилояти Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабига (кейинги ўринларда – Ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби) оператив бошқарув ҳуқуқи билан берилсин, кейинчалик ушбу жойда Филиал бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилсин.

Белгилаб қўйилсинки:

Самарқанд хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг ўқувчилари ўқишни тамомлагунларига қадар Филиал жойлаштирилаётган, Самарқанд ижтимоий-иқтисодий касб-ҳунар коллежининг ўқувчилари эса Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиалига берилган бино ва иншоотларда ўқишни давом эттиради;

Филиалга Ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби, шунингдек, Самарқанд ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати ва Спортнинг эшкак эшиш турлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари республика болалар-ўсмирлар спорт мактабининг спорт иншоотларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Университет билан биргаликда:

бир ой муддатда Филиалнинг устави ва тузилмаси ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши, шунингдек, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини;

уч ой муддатда Филиал танлов асосида юқори малакали профессор-ўқитувчилар таркиби билан тўлдирилишини таъминласин.

8. Филиалга:

кадрларга бўлган эҳтиёж ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши истиқболидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда таълимнинг бакалавриат босқичи асосий йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очишга;

профессор-ўқитувчи ходимлар, шунингдек, педагогик ва илмий иш олиб боришга жалб этиладиган бошқа шахслар меҳнати, яшаши ҳамда транспорт харажатларига тузиладиган шартномалар асосида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тарифлар бўйича ҳақ тўлашга рухсат берилсин.

9. Белгилансинки:

Филиал таъминоти учун бюджет маблағлари 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2019 йил ижтимоий соҳа учун тасдиқланган параметрлари доирасида ажратилади, 2020 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг мазкур соҳага харажатлар параметрларида назарда тутилади;

Ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабининг Филиални жойлаштириш учун ажратиладиган бино ва иншоотларини таъмирлаш-тиклаш ишлари Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида капитал қўйилмалар лимитларини қайта тақсимлаш ҳисобига амалга оширилади.

10. Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси” Филиалнинг бинолари ва иншоотларини таъмирлаш-тиклаш ишларини бажариш бўйича буюртмачи этиб белгилансин.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан биргаликда 2019 йил 1 сентябрга қадар бўлган муддатда Филиалнинг бино ва иншоотлари капитал таъмирланиши ва реконструкция қилиниши, шунингдек, зарур мебель, инвентарь, замонавий ўқув ҳамда лаборатория ускуналари, компьютер ва бошқа ташкилий техника, кутубхона фонди билан жиҳозланишини таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда:

Ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабининг Филиални жойлаштириш учун ажратиладиган бино ва иншоотлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурида назарда тутилган капитал қўйилмалар лимитлари доирасида маблағ ажратилишини таъминласин;

2020 йил ва кейинги йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини шакллантиришда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича Филиал талабалари ва ўқитувчилари яшаши учун 400 ўринли турар жой қурилиши бўйича лойиҳа белгиланган тартибда киритилишини назарда тутсин.

12. Филиалга иккита автотранспорт воситаси, шу жумладан, битта хизмат автомобили ва битта автобусни сақлаш учун лимит ажратилсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2019 йилда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида Филиалнинг бино ва иншоотларини таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш учун капитал қўйилмалар лимитининг етишмаётган қисмини ажратсин.

13. Филиални жиҳозлаш ва фаолиятини таъминлаш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, спорт инвентари, ўқув ва илмий-услубий адабиётлар 2021 йил 1 январгача бўлган муддатда божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона йиғимлари бундан мустасно) озод этилсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг буюртманомаларига кўра мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар таркиби ва бошқарув ходимлари, шунингдек, уларнинг оила аъзолари учун кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмаган ҳолда белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.

15. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Филиалнинг буюртманомаларига кўра Филиалнинг хорижий профессор-ўқитувчилари ва бошқарув ходимларига, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига давлат божи ундирмаган ҳолда кўп марталик визалар берилиши ва муддати узайтирилишини ҳамда уларнинг яшаш жойида вақтинчалик рўйхатдан ўтказилиши муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.

16. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                          Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 8 май

 
 

Манба: ЎзА

Поделиться