Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тил, фольклор, санъат ва маданият уйғунлиги
2019-05-08 | Маданият
Жорий йилнинг 7 май куни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида “Фольклор, тил ва маданият масалаларини илмий ўрганишда фан ва инновациялар уйғунлиги” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Тадбир институт ҳовлисида факультет ва кафедраларнинг ўзига хос ижодий кўргазмалари билан бошланди.
Ташриф буюрувчиларга таълим муассасасида олиб борилаётган ишлар, талабалар томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари ва турли элатларнинг миллий урф-одатлари намойиш этилди.
Анжуманни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори, филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Юлдашев очиб берди.
Конференцияда тилшунос ва адабиётшунос олимлар томонидан фольклор санъати, тил ва маданиятимизнинг ноёб намуналарини асраб-авайлаш, ривожлантириш, уларни кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида тил, фольклор, санъат ва маданиятга ҳурмат, юксак эътибор туйғуларини қанот ёзишида кўмаклашиш ҳамда дунё халқлари ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашнинг янгича улуб ва тамойиллари хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Тил, адабиёт ва фольклори институти академиги Тўра Мирзаев, Аҳмад Яссавий номидаги халқаро қозоқ-турк университети профессори Умер Кучукмеҳметўғлу, филология фанлари доктори Жаббор Эшонқулов ва бошқалар сўзга чиқиб, тил, адабиёт, санъат ва фольклоршуносликнинг ўзаро боғлиқлиги ҳамда бу йўналишларда олиб борилаётган салмоқли ишлар хусусида фикр билдиришди.
Бундан ташқари конференцияда республикамиздаги бошқа олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, ЎзР ФА илмий тадқиқот институтларининг илмий ходимлари, соҳага доир ташкилотлар мутахассислари, хорижлик олимлар ҳамда илмий тадқиқотчи ёшлар иштирок этишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги