Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Байрам тадбирлари давом этади: “Ҳумо арена”да ватанпарварлик фестивали ўтказиляпти
2019-05-08 | Жамият
7 май куни “Ҳумо арена” муз саройи ҳовлисидаги очиқ майдонда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги томонидан ватанпарварлик фестивали ўтказилди.
Фестивалда сенатор, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Иқбол Мирзаалиев, Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши вакиллари иштирок этиб, фестиваль иштирокчиларини яқинлашиб келаётган байрам билан муборакбод этдилар. Фестивалга ташриф буюрган ҳамюртларимизга ўзбек ва жаҳон классик адабиёти намуналари китоблар тарқатилди.
Шунингдек, фестиваль доирасида Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли ҳамда ҳарбий оркестрнинг чиқишлари намойиш этилди. Маҳобатли ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳа намойиши эса кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. “Ҳумо арена” муз саройи ҳовлисидаги очиқ майдонда 9 май кунига қадар давом этади.
“Ватанпарварлик” фестивали Нукус шаҳри марказида ҳам ўтказилди. Тадбирда иштирок этган барча фуқароларга “Шараф ленталари” тарқатилди. Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри жамоаси ҳамда Сафарбарлик чақирув резерви батальони хизматчилари томонидан концерт дастури намойиш этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги