Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қудратли техникалар беллашуви якунланди. Ғолиблар номи маълум
2019-05-06 | Жамият
5 май куни “Чирчиқ” полигонида “Хотира ва Қадрлаш куни”га бағишланган ва Мудофаа вазирлиги миқёсида 5 кундан буён ўтказиб келинаётган Танк биатлони мусобақасининг финал босқичи якунига етди.
Унда Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов, Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда фахрийлар кенгаши вакиллари ва минглаб юртдошларимиз иштирок этди. Тантанали маросимда сўзга чиққан мудофаа вазири мазкур беллашув ҳарбий хизматчилар ўртасида мусобақадошлик, ўзаро жипслик ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантириш, уларнинг касбий малака ва маҳоратини юксалтиришга хизмат қилишини айтиб ўтди. Шунингдек, йиғилганларни яқинлашиб келаётган “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан муборакбод этиб, Танк биатлони мусобақаси иштирокчиларига шиддатли баҳсларда омад тилади.
Шундан сўнг 1,5 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчилар, 100 га яқин Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги ва бугунги қуролланишда турган замонавий ҳарбий техника ва 15 дан зиёд вертолёт иштирокида байрамга бағишлаб парад ўтказилди.
Парад давомида десантчилар қарийб 2000 метр баландликдан парашют ёрдамида сакради. Эътиборли жиҳати мазкур тадбирда ҳарбий хизматчиларимиз биринчи бор “Мальва аксиома” парашютидан фойдаланган ҳолда сакрашни амалга оширди. Ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишларини 5 мингдан зиёд аҳоли кузатиб борди. Иштирокчиларнинг мароқли дам олиши учун полигонда байрам сайли ҳам ташкил этилди.
Ҳарбий парад якунлангач, танк биатлони мусобақасининг сўнгги беллашуви бошланди. Т-62, Т-64 ва Т-72 танклари “Қудратли техникалар жанги”ни ўтказишга мўлжалланган ва халқаро стандартларга мос бўлган махсус майдондан старт олди. Мусобақа иштирокчилари сунъий ҳовуз, миналаштирилган ва манёвр бажариш майдони, танкка қарши чуқур, қўрғон, эскарп (танкка қарши девор), коллеяли кўприк макети ва бошқа тўсиқлардан иборат умумий узунлиги 4200 метр бўлган масофани босиб ўтди.
Отиш машқларини бажаришда пушкалар учун тезлиги 1000 м/с дан кам бўлмаган ўқ-дорилардан фойдаланилди. Мусобақа “Якка тартибдаги (индивидуал) пойга” табиий ва сунъий тўсиқлари мавжуд бўлган, жанговар йўлакча ва отиш учун окоп (майдонча)лар билан жиҳозланган йўналиш бўйича ўтказилди.
Мусобақа юксак савияда ўтказилиши ва ғолибларни одилона баҳолаш мақсадида биатлонни малакали мутахассислардан иборат ҳакамлар жамоаси кузатиб борди. Нишонларни уролмаган, белгиланган тўсиқларни босиб ўтишда хатоликка йўл қўйган жамоаларга жарима айланишлари ва жарима вақтлари белгиланди. Якуний ҳисоб-китобларга кўра қуйидаги жамолар ғолиблар қаторидан ўрин олди.
Т-62 танк экипажлари орасида:
Т-64 (такомиллаштирилган) танк экипажлари орасида:
Т-72 танк экипажлари орасида:
Ғолиб ва совриндор жамоалар мудофаа вазири томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар, навбатдаги ҳарбий унвонлар ҳамда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган бюджет енгил автотранспорт воситаларига имтиёзли равишда кредит олиш ҳуқуқини қўлга киритишди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари биринчи марта 2019 йилда Халқаро армия ўйинлари (АрМИ-2019) доирасида ўтказиладиган энг нуфузли мусобақа – “Танк биатлони”да иштирок этади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги