Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Кўрик-танлов давом этмоқда
2019-05-06 | Жамият
Ички ишлар органлари ходимлари ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, ходимларнинг интеллектуал салоҳияти, сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, маънавий дунёқарашини кенгайтириш, улуғ аждодларимизнинг маънавий меросини, уларнинг ноёб асарлари, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини чуқур ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.
Айнан шу мақсадда таркибий ва ҳудудий ички ишлар органлари ходимлари ўртасида «Энг яхши китобхон» танлови ўтказиб келинмоқда. Яна бир бор эслатиб ўтамиз танловда 30 ёшдан ошмаган ходим ва ҳарбий хизматчилар ҳамда олий таълим муассасалари курсантлари иштирок этишлари белгиланган.
Куни кеча мазкур танлов Андижон ва Хоразм вилоятларининг Ички ишлар бошқармалари ходимлари ўртасида ҳам ўтказилди.
Андижон вилоятидаги танловда бўлиб ўтган жиддий беллашувлардан сўнг фахрли биринчи ўринни Андижон вилояти ИИБ Кадрлар бошқармаси хизмат ўташни ташкиллаштириш бўлими инспектори катта лейтенант Ихтиёр Абдуллаев эгаллади. Иккинчи ўрин вилоят ИИБ Пробация бўлими катта инспектори лейтенант Музаффар Ахмедов ва учинчи ўрин Хўжаобод тумани Ички ишлар бўлими Тергов бўлинмаси суриштирувчиси катта лейтенант Салоҳиддин Исаевларга насиб этди.
Ғолибларга диплом ва қимматли совғалар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматов томонидан топширилди.
Хоразм вилоятидаги танловда эса олий ўринни Шовот тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори лейтенант Машҳура Саъдуллаева қўлга киритди. Шунингдек, Урганч шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими ходими капитан Дониёр Искандаров фахрли иккинчи ўринни, вилоят Ички ишлар бошқармаси 11-сон тергов ҳибсхонаси тартибот ва қўриқлаш бўлими назоратчиси сафдор Дониш Ражабов эса учинчи ўринни эгаллади. Танлов ғолиблари вилоят Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан диплом ва қимматбахо совғалар ҳамда китоблар билан тақдирланди.
Танлов шартларига биноан вилоят босқичларида олий ўрин эгаллаган ходимлар кўрик-танловнинг Вазирлик босқичига йўлланма олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги